Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ аудитлари натижаси: 0,6 фоиз текширув натижасида 12 трлн. сўм аниқланди
12:15 / 2025-12-22

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланди. Бу жараёнда солиқ тизимини рақамлаштириш, риск-таҳлилга асосланган солиқ аудити ҳамда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган солиқ аудитлари натижалари мазкур ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол кўрсатиб бермоқда.

Ҳисобот даврида солиқларни тўламаслик хавфи юқори деб топилган 3 305 та тадбиркорлик субъектида солиқ аудити ўтказилди. Бу эса ушбу даврда фаолият кўрсатган 563,9 минг нафар солиқ тўловчининг атиги 0,6 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, ушбу чекланган аудит қамровига қарамасдан, аниқланган молиявий натижалар салмоқли бўлди. Аниқланган солиқ хавфи суммаси 10,7 трлн. сўм, Солиқ аудитлари давомида аниқланган ҳақиқий сумма 12,1 трлн. сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич солиқ органлари томонидан жорий этилган хавфга асосланган аудит тизими самарали ишлаётганини англатади.

Солиқ аудитларида аниқланган суммалар иқтисодиёт соҳалари кесимида қуйидагича тақсимланган. Савдо ва умумий овқатланиш соҳаси 7,7 трлн. сўм (64 фоиз), ишлаб чиқариш соҳаси  1,1 трлн. сўм (9,2 фоиз), Қурилиш соҳаси 1,1 трлн. сўм (9,3 фоиз), хизмат кўрсатиш соҳаси 858,8 млрд. сўм (7,1 фоиз), қишлоқ хўжалиги соҳаси  610,9 млрд. сўм (5,1 фоиз), транспорт соҳаси  316 млрд. сўм (2,6 фоиз)ни бошқа соҳалар  326,6 млрд. сўм (2,7 фоиз)ни ташкил этмоқда.

Таҳлилларга кўра, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида юқори кўрсаткич қайд этилиши ушбу йўналишда нақд пул айланмаси катта экани ҳамда айрим ҳолларда рақамли ҳисоб-китоб тизимларига тўлиқ ўтилмагани билан изоҳланади.

Ўтказилган солиқ аудитлари жараёнида 1 минг 594 та солиқ тўловчида жами 21,2 трлн. сўмдан ортиқ солиқ базаси яширилгани аниқланди. Жумладан, 584 та субъектда 8,8 трлн. сўмлик реализация қилинган товарлар ҳисоботда кўрсатилмаган. 508 та субъектда 6,2 трлн. сўмлик товарлар инвентаризация пайтида омбор ёки реализация жойида мавжуд эмаслиги аниқланган. 502 та субъектда 6,2 трлн. сўмлик кирим қилинмаган товарлар сақланган ёки реализация қилинган.

Мазкур ҳолатлар солиқ интизомини кучайтириш, бухгалтерия ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш ва товар ҳаракатини онлайн назорат қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Маълум қилинишича, аниқланган солиқ суммаларидан тўлов муддати келган 6,5 трлн. сўмнинг 3,4 трлн. сўми, яъни 52,2 фоизи бюджетга ундирилган. Бу кўрсаткич солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бажариш даражаси ошиб бораётганини англатади, бироқ ундириш самарадорлигини янада ошириш зарурлигини ҳам кўрсатади.

Мутахассисларнинг фикрича, электрон ҳисоб-фактуралар, онлайн-кассалар, автоматлаштирилган таҳлил ва маълумотлар алмашинуви солиқ назоратини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда. Рақамлаштириш орқали солиқ органлари солиқ тўловчилар фаолиятини олдиндан таҳлил қилиш ва эҳтимолий хавфларни барвақт аниқлаш имкониятига эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, 2025 йилда ўтказилган солиқ аудитлари натижалари шуни кўрсатадики, аниқ танлаб олинган субъектлар ўртасида ўтказилган аудитлар юқори иқтисодий самара бермоқда. Солиқ тизимини рақамлаштириш, шаффофликни ошириш ва солиқ маданиятини юксалтириш орқали давлат бюджети даромадларини барқарор ошириш имконияти мавжуд. Шу боис, келгусида ҳам солиқ аудити амалиётини рақамли ечимлар асосида такомиллаштириш ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА