Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Сина маҳалласида жорий йилнинг 1 ноябрь куни анъанавий миллий таомлар сайли ўтказилади. Шу куни тоғлар қўйнидаги мафтункор Синага “Туризм қишлоғи” мақоми берилиши ҳам кутилмоқда.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, сайлда туманлар ва Термиз шаҳрининг миллий услубда безатилган павильонлари ташкил этилиб, ҳудудларига хос тансиқ таомлар кўргазмаси, таомлар тайёрлаш билан боғлиқ услуб, удум ва анъаналар кенг намойиш этилади.
Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Сурхон воҳаси туризмнинг барча турларини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори қадимий воҳада туризмнинг зиёрат, буддизм, эко, этно, агро, тоғ, гастрономик каби йўналишларини юксалтириб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқда.

Сина қишлоғида эко, зиёрат ва гастрономик туризмни кенг йўлга қўйиш учун қулай муҳит, йирик имконият мавжуд. Сўлим қишлоқ “Сумбула” табиат мўъжизаси, Хўжа Баркуҳ, Хўжа Ҳисор каби зиёратгоҳлари билан машҳур. Мафтункор табиат манзаралари, миллий таомлари ва ўзига хос услубга эга миллий ҳунармандлиги билан ҳам танилган.
Бой туристик салоҳиятга эга қишлоқда ташкил этилаётган анъанавий сайл доирасида фольклор этнографик жамоалар, миллий чолғу гуруҳлари ва ёш санъаткорларнинг қизиқарли дастурлари намойиш этилади. Анъанавий халқ ўйинлари мусобақалари ўтказилади. “Энг яхши таом”, “Энг яхши ошпаз”, “Энг кўп миллий таом тайёрлаган ошпаз” ва бошқа номинациялар ғолиблари диплом, статуэтка ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири