Бу йил ёз мавсуми ҳар қачонгидан ҳам иссиқ келди. Жанубий ҳудуд ҳисобланган Қашқадарёда бу жуда билинди.
Вилоятнинг тоғ этагида жойлашган сўлим гўшалари дам олувчилар билан тўла. Мусаффо ҳаволи салқин табиат кишига ором бағишлайди. Мана шундай сиҳатгоҳлардан бири Шаҳрисабз туманидаги “Мироқи” санаторийсидир.
– Ушбу санаторийга дам олиш учун ҳар йили келаман, – дейди бухоролик 63 ёшли Мубашшира Эргашева. – Боиси, юрак билан боғлиқ касаллигим бор ва шифокорлар мусаффо ҳаволи сиҳатгоҳларда тез-тез дам олиб туришимни тайинлаган. Бу ернинг табиий муҳити ҳар томонлама менга ёқади. Ўзимни бардам ва тетик ҳис қиламан.
Дарҳақиқат, жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир гўшаси ҳикматларга бой. Қир-адир, тоғларидан тортиб, чўлларигача инсон соғлиги учун фойдали бўлган дармондориларга бой.
“Мироқи” санаторийси Шаҳрисабз шаҳридан 30 километр масофада Ҳисор тоғ тизмалари этагида, денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда Оқсув, Қорасув дарёлари ҳамда “Ҳисорак” сув омбори яқинида жойлашган, ҳавоси тоза ва зилол сувлари минг дардга даво, табиати гўзал иқлимий сиҳатгоҳдир.
Санаторий майдони 20,5 гектарни ташкил этади. Дам олувчилар истаган вақтида бу сўлим гўшада сайр қилиб, сержило табиат бағрида дам олишлари мумкин.
Муассаса юқори нафас йўллари, юрак қон-томир, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, ошқозон-ичак касалликларини даволашга ихтисослашган. Шунингдек, бошқа санаторийларда учрамайдиган – замонавий ва халқ табобати уйғунлигида қандли диабетни даволаш ва қандли диабетда ўзини назорат қилишни ўргатиш мактаби ҳам ташкил этилган.
[gallery-8300]
– Ушбу санаторийда дам олувчилар учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган, – дейди Ғузор туманилик 77 ёшли Соҳибжамол Ҳайитова. – Ёшликда меҳнат қилдик, энди қарилик гаштини ҳам сурайлик-да. Бу ерда дам оляпмиз. Кейинги пайтлар тез-тез қон босимим ошадиган бўлиб қолган. Шу боисдан 2001 йилдан буён ҳар йили ёз мавсумида шу ерга ҳам дам олиш ҳам даволаниш мақсадида келаман
Бу ерда кичик бозорча жойлашган бўлиб, дам олувчилар бозорчадан маҳаллий аҳоли томонидан етиштирилган ўзлари истаган янги узилган сархил меваларни харид қилишлари мумкин.
Шу билан бир қаторда, санаторийда Республикамиз шаҳар ва вилоятларидан келган аҳоли учун амбулатор даволаш, мутахассислар маслаҳати ва ташхис қўйиш бўйича қўшимча пуллик хизматлар ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда ички туризм ҳам йўлга қўйилган. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларининг турли зиёратгоҳ қадамжоларига саёҳатлар ташкил этилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА