Солиқ тўловчилар учун “Биз сизга кўмакчимиз” акциясини ўтказилмоқда
Хабарномалар солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети ва почта хизмати орқали расман юборилади.
Солиқ ислоҳотлари доирасида 2019 йил 1 январдан соддалаштирилган солиқ тўлови тизимидан умумбелгиланган солиқ тизимига ўтаётган солиқ тўловчиларни тайёрлаш бўйича амалий тадбирлар акцияси бошланганлиги тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими маълум қилмоқда.
1) Унга мувофиқ, солиқ тўловчиларнинг ҳисоботлари асосида товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган ва ошиши кутилаётган, соддалаштирилган солиқ тартибидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтадиган хўжалик субъектлари (номзодлар) рўйхати шакллантирилган.
2) Ушбу рўйхатдаги ҳар бир солиқ тўловчига хабарномалар юборилиб, келгуси йилдан қандай солиқлар тўлаши, ҳисоботлар топшириши, солиқларни тўлаш муддатлари ҳамда электрон ҳисоб фактураларини юритишлари учун бухгалтерлар хизмати зарур ёки йўқлигига аниқлик киритилади.
Хабарномалар солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети ва почта хизмати орқали расман юборилади.
3) Ҳисобот топширишлари, электрон ҳисоб фактураларини юритишлари ва солиқ тўловларини амалга оширишлари учун рўйхати тузилган 20 мингга яқин солиқ тўловчиларга бепул Электрон имзо калити берилади (мавжудларининг муддати автоматик равишда 1 йилга узайтирилади).
4) Бухгалтерлари йўқ хўжалик субъектларига электрон ҳисоб фактураларини юритиш учун “Солиқ-сервис” ДУК масъул ходимлари бириктирилиб, бепул хизмат кўрсатилади.
5) Ҳар бир солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиқларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича Услубий қўлланмалар юборилади.
6) Малакали мутахассислар томонидан ҳар бир туман (шаҳар)даги рўйхати шакллантирилган номзод корхоналарнинг барчаси Давлат солиқ инспекциясига таклиф этилиб, махсус ўқув машғулотлари ўтказилади.
7) Давлат солиқ инспекцияларидан ҳар бир бундай корхоналарга бириктирилган ходимлар томонидан биринчи маротаба топшириладиган ҳисоботлар ёки тўлдириладиган электрон ҳисоб фактуралари биргаликда амалга оширилади ҳамда 2019 йил давомида бевосита ёрдам кўрсатиб борилади.
Давлат солиқ қўмитаси
Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўлими