Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар сенаторлар муҳокамаcида
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди.
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди.
Қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги фармони билан солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Иқтисодиётга солиқ юкини камайтириш, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки номутаносиблигини бартараф этиш каби ва бошқа муҳим вазифалар шулар жумласидан. Мақсад барчага бир хил, адолатли солиқ режимини жорий этиш, асоссиз солиқ имтиёзларининг бекор қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Кўриб чиқилаётган қонунлар содда ва барқарор солиқ тизимини жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароит яратишда муҳим аҳамият касб этади. Солиқлар йиғилувчанлигини ошириш каби мамлакат тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб вазифалар ечимига хизмат қилади.
Мажлисда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг беш йил мобайнидаги фаолияти муҳокама этилди. Ушбу даврда 45 та қонун, шундан 16 та янги қонун муҳокама қилинди ва ялпи мажлислар муҳокамасига киритилган. Қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича ҳудудларда 320 дан зиёд тарғибот тадбири ўтказилди. Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти натижалари бўйича 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига 20 дан ортиқ масала ва муаммолар, уларнинг ечими юзасидан амалдаги қонунчилик ва қонуности хужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида амалий таклиф ва тавсиялар киритилгани ва ушбу таклифлар 10 дан ортиқ қонун ҳужжатида инобатга олингани қўмита раиси М.Жумагалдиев томонидан таъкидланди.
***
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси ҳам бўлиб ўтди.
Сенаторлар томонидан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан боғлиқ тарзда ишлаб чиқилган. Шу маънода қонун давлат божини ундириш масалаларини белгилайдиган 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўзида жамлаган бўлиб, тўғридан-тўғри таъсир кучига эга ҳисобланади. Жумладан, ҳужжатда давлат божини ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва қайтариш тартиби ҳамда унинг миқдорлари назарда тутилган.
Давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестициялар жалб этувчанлигига, давлат божи тўланишидаги юк субъектларнинг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда холис тақсимланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, ҳукуматнинг алоҳида қарорларини қабул қилиш йўли билан ставкалар миқдорлари асоссиз оширилишининг олдини олиш имкониятини беради. Қонун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан бир вақтда кучга кириши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мажлисда “Олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ахбороти эшитилди. Лойиҳа юзасидан умумий чора-тадбирлар, қабул жараёни, талабалар билимини баҳолаш, ўқишни кўчириш ва нострификация, ОТМларни такомиллаштириш, ўқитувчилар ижтимоий ҳимояси, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш каби йўналишлардан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда.
Мажлисда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича “Йўл харитаси” ижросининг ўз вақтидан кечикиши эҳтимоли бўлган бандлари жорий йил якунига қадар бажарилишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Мажлисда БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситилишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига риоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олтинчи даврий маърузаси лойиҳаси юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакилининг ахбороти эшитилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида ўз тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига чиқди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро қонун ижодкорлигининг фаол иштирокчисига айланди.
Жумладан, 2017-2019 йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро идораларга 100 дан ортиқ таҳлилий материаллар, шунингдек, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш бўйича миллий маърузалар юборилган.
Сенаторлар томонидан қўмитанинг сўнгги беш йилдаги фаолияти муҳокама этилди.