Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Соҳир қалам мўъжизаси»: хаттотлик асарларидан иборат кўргазма бўлиб ўтди
16:11 / 2022-02-18

Ёзма манбалар – инсон тасаввури маҳсулидир. Унинг таъсир доираси кенг. Бу соҳада қалам тебратган ижодкорларнинг асарлари йиллар, асрлар ўтса-да, эскирмайди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда «Соҳир қалам мўъжизаси» номли хаттотлик асарларидан иборат кўргазма бўлиб ўтди.

Ўзбек мумтоз адабиётига улкан ҳисса қўшган сиймолар Низомиддин мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги ва Камолиддин Беҳзод таваллудининг 567 йиллиги муносабати билан ташкил этилган кўргазмада 50 дан ортиқ хаттотликка оид асарлар намойиш этилди.

Хаттотлик – қадим Шарқ санъатининг беҳад камол топган турларидан бири ҳисобланган бўлиб, фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё хаттотлик санъатининг эса бой тарихи бор. 

[gallery-5811]

XIV-XV асрларда ўлкамиз китобат санъатининг равнақи беқиёс бўлди. Бу даврларда дунёда китоб чоп этадиган босмахоналар мавжуд бўлмаганлиги учун ҳам, айниқса, Шарқда хаттотлик санъатига қизиқиш ҳамда хаттотларга эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган.

Хаттотлик арабча – ҳуснихат ёзувчи деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобаларини яратиш касбини англатади.

Хаттотлик асарларидан ташкил топган «Соҳир қалам мўъжизаси» номли кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси аъзолари – Салимжон Бадалбоев, Хайрулла Лутфуллаев, Насиба Сотиболдиева ва бошқа ижодкорларнинг асарлари намойиш этилмоқда.

Гулноза Бобоева, Аъло Абдуллаев(сурат), ЎзА