Президент топшириғи амалда
Президентимизнинг 2024 йил 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида Жондор туманидан ўтувчи “Бухоро зовури” бўйида “Соҳил бўйи кўнгилочар маскани” лойиҳаси барпо қилиш бўйича топшириқ берилган эди.
Иншоотда айни кунда “Қоракўлмахсуссувпудрат” МЧЖ томонидан ер тайёрлаш, бетонлаштириш ишлари якунланган бўлиб, каналнинг икки қирғоғида жами 500 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчати ўтқазиб, парваришланмоқда.

Бунда аҳолининг бўш вақтини унумли ўтказиши, ҳордиқ олиши учун етарли шарт-шароит яратиш, салқин ичимликлар, умумий овқатланиш шохобчаларини қуриб фойдаланишга топшириш, шунингдек, бунда мавсумий катамаран ва бошқа қайиқлар хизматини жорий этиш кўзда тутилган.

Мазкур дам олиш мажмуи умумий қиймати 20 миллиард сўмга тенг бўлиб, бир кунда 500 мижозга хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Яқин ойларда қуриб битказилиб, тўлиқ ишга туширилиши мўлжалланган лойиҳанинг аҳамияти, маҳаллий бюджетга 720 миллион сўм даромад кирим қилиниши, муҳими, бунда 120 нафар фуқаронинг иш билан таъминланиши кўзланган.

Замонавий андозада қуриладиган мазкур соҳилбўйи дам олиш, кўнгилочар маскани қирқдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг савдо ва хизмат кўрсатиш манзилига айланиши, меҳмонлар ва ҳатто, хорижий сайёҳларга савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, ҳудуд микроиқлимини шакллантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Албатта, соҳилбўйи тунги ёритиш чироқлари, тўлиғича ҳимоя тўсиғи, темир панжаралар билан ўралиб, бунда пиёдалар йўлаклари ҳам барпо қилинади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.