Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон, “Йилнинг энг яхши асари” республика танлови ғолиби, “Дўстлик” ордени соҳиби Турсун Али (Ўрмонов)нинг “Соҳибжамол дарахт” номли шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида Турсун Али ижоди хусусида атрофлича сўз борди. Таъкидланганидек, атоқли шоир Турсун Али ўзига хос усулда ижод қилувчи, инсон руҳияти манзарасини гўзал тарзда ифода этувчи, ижтимоий ҳаётдаги муаммоларни бетакрор бадиият билан ифода этувчи шоир саналади.
Турсун Али 1952 йилнинг 5 февралида Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Тошйўли қишлоғида туғилган. 1968 йил 2-ўрта мактабнинг 8-синфини тамомлаб, 1971 йилда Тошкент шаҳридаги 2-кечки ишчи ёшлар мактабини тугаллаган. 1981 йили ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология бўлимини битирган.
Дастлаб ижодкор “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Жадид") газетасида мусаҳҳиҳ, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, Чўлпон нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ва “Адолат” нашриётларида турли вазифаларда ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида меҳнат қилади.
Турсун Алининг дастлабки шеърлари “Ёшлик баёзи”, “Ёшлик” алманахларида босилган. Шундан сўнг “Зангори овоза” (1979), “Юракдаги сўзлар” (1983), “Ёруғ кунлар” (1986), “Изтироб остонаси” (1983), “Тун товуши” (1993), “Ёлғизим” (1995), “Уйғоқ сукунат” (1999), “Туйғулар ранги” (2001, “Сайланма”), “Сокин ҳайқириқ” (2005), “Ой япроғи” (2008), “Гуллаётган юрак” (2009) номли шеърий тўпламлари нашр қилинган.
Шоирнинг шеърлари МДҲ давлатларидаги кўплаб адабий алманах ва журналларда чоп этилган. Шунингдек, унинг шеърлари инглиз, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
Турсун Али таржимон сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, хитой, япон, рус шеърияти намуналарини ўзбек тилига ўгирган. Ижодкор 2008 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Таниқли шоир Турсун Алининг “Соҳибжамол дарахт” номли китоби “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган. Унда шоирнинг сўнгги йилларда ёзган шеърлари, сочмалар, этюд ва хитойлик шоирлар ижодидан қилган таржималари жой олган.
Тўпламдаги шеърлар, сочмалар ҳатто, ўзга тиллардан қилган таржималарни ўқиркансиз, шоир ички олами нақадар ранго-ранглигини ҳис этиш билан бирга муаллифнинг руҳий дунёсига сафар қилгандек бўласиз.
Китобдан жой олган “Юрт сардори” шеъридан тортиб “Навоий”, “Ойбек”, “Усмон Носир”, “Шаҳидлар қабристони”, “Ғижжак навоси”, “Уруш”, “Тинчлик”, “Заркент”, “Аёл ҳасрати”, “Иброҳим Ҳаққул вафоти”, ҳатто озарбайжонлик шоира Ганира Пашаева хотирасига бағишланган шеърлардаги уйғунликни шоирнинг жонажон Ўзбекистонимизга бўлган чексиз муҳаббати, деб аташ мумкин.
Тақдимот тадбирида “Соҳибжамол дарахт” китоби ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА