Тарихдан маълумки, ибрати зўр инсон башарият учун ўз салоҳияти, илму урфони ҳамда амали билан манфаат келтиргандир. Улуғ аждодларимизнинг ана шундай ажиб ҳикмату ибратлари тилдан-тилга ўтиб, мақсад-маъносини тарғиб қилиб яшайверади.
Халқимиз қалбида ўгитларга айланиб кетган «Бугунги ишни эртага қолдирма», «Билаги зўр — бирни йиқар, билими зўр — мингни», «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб — шукр» каби ҳикматлар соҳиби Амир Темурдир.
Бундан ташқари Соҳибқироннинг «Куч — адолатдадир», «Олтмишга кирган отадан ош сўрама», «Тўқайга ўт тушса, ҳўлу қуруққа қарамай барчасини куйдиради», «Ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ», дея билдирилган таъкидлари замон ва макон танламай, инсоният ҳиссиётларини тўғри йўлга бошлаб келмоқда.
Амир Темур замонида ёзилган асарларни мутолаа қилсангиз, унинг тўғрилик, мурувватлилик, эл-юртга меҳр-муҳаббат ва бошқа эзгу хислатларига, саховатли, бағри кенг ва донишманд одам бўлганига амин бўлиш мумкин. Хусусан, «Темур тузуклари», Низомуддин Шомий ва Шарофуддин Али Яздийнинг «Зафарнома»ларида, Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ул-мақдур фи ахбори Темур» («Амир Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари») ва бошқа асарларда соҳибқироннинг ибратли панд-насиҳатлари ва ўгитлари инсоният учун нақадар ибратли эканини англайсиз.
1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган Амир Темур ибн амир Тарағай ҳаёти ва фаолияти давомида ўзи амал қилган энг улуғ ҳикматлардан бирини шундай келтиради: «Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбандийнинг: «Кам егин, кам ухла, кам гапир» деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларга ҳам айтар сўзим шу бўлди: «Кам енглар — очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар — доно бўласизлар».
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА