Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соҳибқирон улуғ кишиларнинг сўзларини ҳеч вақт ерда қолдирмаган
08:10 / 2025-09-27

Ватанимиз тарихидаги 27 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1400 йил (бундан 625 йил олдин) – Соҳибқирон Амир Темур ўзининг “етти йиллик юриш”лари даврида Суриядаги Биҳишти ва Айнтоб қалъаларини эгаллади. Бу ҳақда Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” китобида маълумот берилган. Беҳишти қалъаси дара ичида жойлашган мустаҳкам қалъа эди. Қалъанинг Муқбил исмли доруғаси (бошлиғи) Темур келаётганини билиб ғурурдан қалъани беркитади. Соҳибқирон ушбу қалъанинг яқинидаги бир баланд ерда чодир тикади. Қалъа ичидагилар эса манжаниқдан Темурнинг чодирига тош улоқтира бошлайдилар. Амир Темурнинг қаттиқ жаҳли чиқиб, қўшинга ушбу қалъани эгаллашни буюради.

Темур қўшини 20 та манжаниқ ясайди. Ана шу манжаниқлардан бири ёрдамида қалъа ичидан туриб соҳибқиронга тош отилган манжаниқни нишонга олиб парчалаб ташлайдилар. Темур аскарлари манжаниқлардан қалъага қаттиқ зарар етказадилар. Буни кўрган доруға Муқбил қўрққанидан ўзи боролмай Темурга унинг бир қошиқ қонидан кечишини сўраб кишилар юборади. Соҳибқирон қалъани эгаллагандан сўнггина унинг гуноҳидан ўтишини, агарки қалъа эшигидан қайтса, халқ қалъани ололмагани учун кетди, деган хаёлда бўлишини айтади.

Шанба куни, сафар ойининг еттисида, тарих саккиз юз учда (1400 йил 27 сентябрда) Амир Темур нағам (қалъанинг остидан уни ўпириш учун кавланадиган чуқур)лардан олов солишни фармон беради. Ўт солгандан сўнг қалъанинг буржлари йиқила бошлайди. Буни кўрган Муқбилнинг аскарлари ҳар ёнга тарқаб кетадилар. Қалъанинг улуғ уламо ва арбоблари шаҳзода Шоҳрухни ўзларига шафе қилиб Соҳибқирондан Муқбилнинг гуноҳидан ўтишни сўрайдилар. Соҳибқирон улуғ кишиларнинг сўзини қайтармайди.

1897 йил (бундан 128 йил олдин) – қўқонлик селекционер олим, биология фанлари доктори, профессор Федор Мауер таваллуд топди (вафоти 1963 йил). У Ўзбекистон пахтачилигида уруғчилик назорати иши ташкилотчиси, Озарбайжонда ингичка толали ғўзани экиш ташаббускори ҳисобланади.

1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати ва Компартияси Марказий Қўмитасининг СССР Фанлар академиясининг Тошкентдаги филиалини Ўзбекистон ССР Фанлар академиясига айлантириш тўғрисидаги илтимосига кўра СССР ҳукуматининг “Ўзбекистон ССР Фанлар академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи (асл исм-шарифи Турсунали Парпиев) таваллуд топди (вафоти 2005 йил). У лирик қаҳрамон руҳий оламининг нозик эврилишларини маҳорат билан тасвир этувчи шеърлари билан танилган. У 2025 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1943 йил (бундан 82 йил олдин) – самарқандлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 18 ёшли Равшан Маҳмудов Чернигов вилоятининг Репки раёнидаги Змеи хутори яқинида биринчилардан бўлиб Днепр дарёсини кечиб ўтди, жангчиларни 3 марта ҳужумга бошлади, ўнг соҳилдаги плацдармни сақлаб қолиш учун бўлган жангда ҳалок бўлди. У 1944 йил 15 январда (вафотидан сўнг) Қахрамон унвонига сазовор бўлган.

1944 йил (бундан 81 йил олдин) – Ўзбекистон Олий Совети Президиуми республика Ташқи ишлар халқ комиссарлигини ташкил этиш тўғрисидаги Қонунни қабул килди ва Ўзбекистонда Ташқи ишлар халк комиссарлиги тузилди. Ташқи ишлар халқ комиссарлиги Ўзбекистон ташқи сиёсатини олиб боришда, республикамизда очилажак элчихоналар, консулхоналар ва ваколатхоналар ишига раҳбарлик килиши, чет эллардаги Ўзбекистоннинг элчихоналари, консулхоналари, ваколатхоналари ишини ташкил этиши лозим эди. Лекин буларнинг барчаси коғозда қолиб кетди.

2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Литва Республикаси Президенти Валдас Адамкусни «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт кадрларини тайёрлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги ҳамда мамлакатимизда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз яшай бошлаганининг 80 йиллиги муносабати билан фестиваль ташкил этилди.

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА