Ватанимиз тарихидаги 5 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1462 йил (бундан 563 йил олдин) – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бобоси темурийзода Абу Саид мирзо (ҳукмронлиги 1451–1469 йиллар) Мирзо Улуғбекнинг набираси Муҳаммад Жўгий томонидан эгаллаб олинган Шоҳрухия шаҳрини ўз пири Хожа Аҳрорнинг ёрдами билан қайта эгаллаб, исённи бостиришга муваффақ бўлди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Чингизхон томонидан вайрон қилинган Фанокат шаҳри Амир Темурнинг фармойишига кўра 1388 йилда ўғли Шоҳрух баҳодирхон шарафига Шоҳрухия номи билан қайта тикланган эди. Мазкур шаҳарнинг қолдиқлари Сирдарёнинг ўнг қирғоғида (ҳозирги Оққўрғон туманида) сақланиб қолган.
1793 йил (бундан 232 йил олдин) – Россия империясидан Хива хонлигига юборилган шифокор Бланкеннагель Хивага етиб келди ва ҳукмдорнинг кўзи ожиз амакисини кўрикдан ўтказди. Бироқ Бланкеннагель трахома касалидан кўзлари ожизланиб, уларга сув йиғилиб қолган 80 ёшли Фозилбийни даволай олмади ва беморга ҳеч қандай ёрдам бериб бўлмаслигини айтди. Натижада шифокорга ишончсизлик билдириб, уни жосус сифатида Хивада тўрт ой давомида ушлаб қолдилар.
Унинг Хивага келиши қуйидагича юз берган. Шу йилнинг апрел ойида Хивадан икки элчи Уфа губернатори, генерал-поручик Пеутлинг номига ёзилган мактуб билан Оренбургга боради. Мактубда ҳукмдор Авазбой иноқ ўз амакиси Муҳаммад Фозилбийнинг кўзи кўрмай қолгани ва уни даволаш учун тажрибали шифокор юборилишини сўраган эди.
Тарихчи Умарбек Шериповнинг қайд этишича, ўз навбатида Пеутлинг хиваликларнинг илтимосини Петербургга, императори Екатерина II га етказади. Натижада Хивага юбориш режалаштирилган ҳарбий шифокор – майор Бланкеннагельга тилмоч сифатида чегара суди таржимони Холмагоров, битта сартарош ва 8 нафар казаклар ажратилади.
Шифокор гарчи нуфузли беморни даволай олмаган бўлса-да, яна қарийб ярим йил давомида Хивада қолади. Бу муддат давомида у кўплаб беморларни муваффақиятли даволайди. У 1794 йилнинг 12 мартида Хива хонлиги элчилари билан бирга Россия империясига қайтиб кетади.
1905 йил (бундан 120 йил олдин) – қорақалпоқ ёзувчиси, филология фанлари доктори, драматург, адабиётшунос Нажим Довқораев таваллуд топди (вафоти 1953 йил). У 1946–1948 йилларда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – сухандон, Ўзбекистон халқ артисти Қодир Тожиев дунёга келди (вафоти 2001 йил). У уч мингдан ортиқ ҳужжатли фильмга овоз берган. 1994 йилда “Жасорат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Бутун Бухоро вақф қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда таъкидланишича, бундан буён вақфлардан тушаётган даромадлар мактаб ва мадрасалар қуриш, осори-атиқа ва тарихий биноларни сақлаш, таржима ва нашриёт ишларига сарфланадиган бўлди.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов таваллуд топди (вафоти 2012 йил). У 1999–2001 йилларда Марказий сайлов комиссияси раиси сифатида ҳам фаолият юритган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Тошкентда геолог олим, давлат ва жамият арбоби Ҳабиб Абдуллаев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Шаҳрисабзда бир вақтлар Амир Темур бобомиз босиб ўтган йўллар бўйлаб супермарафон старт олди. Республиканинг турли вилоятларидан элликка яқин спортчи 1300 километр масофани босиб ўтиб, Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида маррага етиб келдилар.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «“Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – юртимизда тўқимачилик саноатидаги малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида Наманган шаҳрида Наманган тўқимачилик саноати институти ташкил этилди. Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА