Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соҳибқирон насиҳатига хос янгиланишлар
16:08 / 2021-09-30

Амир Темур даҳоси ўтмиш чархпалагини ўзгартириб юборган буюк сиймо сифатида жаҳон олимларини ҳамон тадқиқотлар олиб боришга ундамоқда.

Бу жиҳатлар Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар, жумладан, Туризм ва спорт вазирлиги ва бошқа тузилмалар билан биргаликда ўтказилаётган "Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида" мавзусидаги халқаро анжуманда яна бир карра ўз ифодасини топмоқда.

Соҳибқирон ҳақида ўз вақтида Шарофиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Руи Гонсалес де Клавихо, Жан Пол Ру, Жастин Мароззи, Михаил Иванин, Иван Бунин, Ҳарольд Лэмб, Ҳельда Ҳукҳэм каби олимлар, ёзувчи ва шоирлар, драматурглар асарлар битган.

Олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин йирик тарихий асарлар ёзилгани маълум .

–- Истиқлол йилларида Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга маънавий куч бағишлаб келмоқда, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов.– Бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқат қайта тикланиб, тарихий адолат қарор топди.

Бугун халқимиз Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” бош ғоясига таяниб, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида бирлашган экан, Ватанимиз тарихидаги иккинчи Уйғониш даври бунёдкори Амир Темур шахсини ва сиёсатини ҳар томонлама ўрганиш янада долзарб аҳамият касб этади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган халқаро илмий-амалий анжуман тадбирларининг биринчи кунида Тошкент шаҳрида бўйлаб саёҳат ва зиёрат уюштирилди.

Бугун эса Шаҳрисабзга йўл олдик. У ерда хорижлик ҳамда маҳаллий олим, тарихчи ва ижодкорларнинг маърузалари тингланади.

– Отам Соҳибқирон Амир Темурдек буюк зотнинг тарихига жуда қизиққанлар, деди эронлик тадқиқотчи Амир Темур Акбар Рафоий. – Шу қизиқиш, ихлос сабаб менинг исмимни ҳам Амир Темур, деб қўйганлар. Соҳибқирон шахсияти, унинг жаҳон тарихидаги, илм-маърифатидаги ўрни беқиёсдир. Мен техника соҳасига қизиқсам-да, кейинчалик отамнинг Темурдек улуғ зотга бўлган эҳтиромига бефарқ қарай олмадим. 

Ҳозир Амир Темур ҳаёти, фаолиятига оид манбаларни ўрганмоқдаман. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун Ўзбекистон янгиланиш, тараққиёт сари юз тутганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўляпмиз. Буларнинг бари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Соҳибқирон Амир Темурга хос бўлган азму шижоати, қатъияти, баландпарвоз гапларни эмас, амалий ва натижадор ишларни устувор билганида, элпарвар сиёсатида намоён бўлмоқда.

Конференция ўз ишини шуъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА