Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги: тарихий меросга юксак эҳтиром
13:55 / 2026-02-06

Соҳибқирон Амир Темур номи жаҳон тарихининг энг улуғ шахслари сафида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. У буюк давлат арбоби, қудратли саркарда ҳамда илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида инсоният цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган.

Унинг адолатга асосланган давлатчилик ғоялари, кучли бошқарув тизими ва маърифатпарварлик сиёсати бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.  

Ана шу улуғ зот таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Президентнинг тегишли қарори қабул қилиниб, мамлакатимизда кенг кўламли маърифий ва илмий тадбирларни ташкил этиш белгиланди.

Қарорга мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги мамлакат бўйлаб кенг нишонланади. Бу сана фақат тарихий юбилей сифатида эмас, балки миллий ўзликни англаш, бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган муҳим жараён сифатида қаралмоқда.  

Шунингдек, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.

Қарор доирасида 2030 йилгача мўлжалланган махсус “йўл харитаси” тасдиқланди. Унда Амир Темур ва темурийлар даври меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этишга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгиланган.  

Хусусан, 9-10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади. Мазкур анжуманда турли мамлакатлардан келган олимлар иштирокида янги тадқиқот натижалари муҳокама қилиниб, илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга замин яратилади.

Шунингдек, Амир Темурнинг машҳур “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини бир қатор хорижий тилларда, жумладан форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш режалаштирилган. Бу орқали асарнинг мазмун-моҳияти жаҳон жамоатчилигига янада кенгроқ етказилади. Бундан ташқари, “Темурийлар даврининг 100  нодир қўлёзмаси” ва “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” номли китоб-альбомлар тайёрланиб, илмий ва маданий жамоатчиликка тақдим этилади.

Яна бир муҳим ташаббуслардан бир, темурийлар даврига оид манбаларни ўз ичига олган электрон платформани яратишдир. Ушбу платформа орқали қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, илмий мақолалар ва тадқиқотлар электрон шаклда жойлаштирилиб, кенг фойдаланувчилар учун очиқ тарзда тақдим этилади.

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш мақсадида ташкилий қўмита таркиби ҳам тасдиқланди. Қўмита барча тадбирларни мувофиқлаштириш, уларнинг мазмунан бой ва таъсирчан бўлишини таъминлаш билан шуғулланади.

Умуман олганда, мазкур қарор ва режалаштирилган тадбирлар буюк аждодимиз Амир Темур меросига бўлган чуқур эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Бу саъй-ҳаракатлар орқали миллий ифтихор туйғуси мустаҳкамланиб, ёш авлод тарихий хотирага ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбияланади. Соҳибқирон Амир Темур сингари улуғ шахслар мероси эса келажак авлод учун ҳамиша илҳом манбаи бўлиб қолади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА