Ўзбекистон Республикаси Президенти “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонланади.
Қарорга кўра, энди ҳар йили кўкламнинг иккинчи ойи "Амир Темур ойлиги" ойи бўлиб, ойлик доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
Мазкур қарор билан Темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни кенг тарғиб этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган "йўл харитаси" тасдиқланди.
Унга мувофиқ:
а) жорий йил 9-10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида "Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти" мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади;
б) Амир Темур ва темурийлар даври тарихи билан боғиқ туркум китоблар, илмий ва илмий-оммабоп асарларни тайёрлаш ва чоп этиш, шу жумладан:
"Темур тузуклари" асарининг илмий изоҳи матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш;
"Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси", "Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси" китоб-альбомларини яратиш;
в) темурийлар даврига оид, хорижий давлатларда сақланаётган асл ёзма манбалар нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш;
г) "Тирик тарих" лойиҳаси асосида суратга олинган, Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқалари ёритиб берилган тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Испания, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда намойиш этиш;
д) Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш белгиланган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги 2026 йил 1 мартдан бошлаб Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида "Буюк темурийлар" атамасининг халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий қилинишини таъминлаш учун хорижий давлатларда "Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси" мавзусида тақдимотлар, медиа тадбир ва анжуманлар ўтказиш кўзда тутилган.
ЎзА