Марказий Осиё тарихида беқиёс ўрин тутган Соҳибқирон Амир Темур шахси асрлар давомида нафақат Шарқ, балки Ғарб олимлари эътибор марказида бўлиб келган. Унинг давлат арбоби, буюк саркарда сифатидаги фаолияти турли даврларда турлича талқин этилган. Айниқса, Европа илмий доираларида Соҳибқирон шахсига қизиқиш ХVI асрдан бошлаб кучайган бўлса, Шарқ манбаларида бу жараён анча аввал бошланган эди.
Амир Темур ҳақидаги дастлабки ва муҳим манбалар Шарқ тарихчилари томонидан яратилган. Бу асарлар Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятини бевосита ёки унга яқин даврда ёритгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Масалан, Низомиддин Шомий томонидан ёзилган “Зафарнома” расмий тарихий асарлардан биридир. Унда Соҳибқироннинг ҳарбий юришлари, давлат бошқаруви ва сиёсий фаолияти батафсил баён этилган. Асар ўз даврининг муҳим ҳужжати сифатида тарихий ишончлиликка эга. Шомий Темур ҳаётини пухта билган, унинг саркардалиги ва давлатчилик қобилияти, диний ва дунёвий фанларга муҳаббати ҳақида мустақил тушунчага эга бўлган. Шу сабабли, у воқеаларни ҳаққоний ёритган ва Амир Темур фаолиятига холисона баҳо беришга ҳаракат қилган.

Кейинчалик Шарафиддин Али Яздий томонидан яратилган яна бир “Зафарнома” эса Темурийлар даври тарихини янада мукаммал ва бадиий услубда ёритади. Бу асар нафақат тарихий, балки адабий қиймати билан ҳам ажралиб туради.
Шунингдек, Ибн Арабшоҳнинг “Соҳибқирон Амир Темур тарихи” асари муаллифнинг воқеаларга бевосита гувоҳ бўлгани билан аҳамиятли. Ушбу асар Амир Темур ва Темурийлар даврига оид муҳим манба сифатида француз, лотин, турк ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинган. Асарнинг ўзбек тилига таржимаси 1992 йилда икки жилдда нашр этилган эди.
Европа олимларининг Амир Темур шахсига қизиқиши ХVI асрдан бошлаб сезиларли даражада ортди. 1553 йилда Италиянинг Флоренция шаҳрида италиялик олим Перондинонинг “Скифиялик Тамерланнинг улуғворлиги” асари нашр этилди. Бу асар Европада Соҳибқирон ҳақида ёзилган илк илмий тадқиқот сифатида тарихга кирди.

Шундан сўнг испан тарихчиси Перо Мексиканинг “Буюк Темур тарихи” асари чоп этилди. Унда Амир Темур фаолияти Европа тарихий тафаккури нуқтаи назаридан талқин қилинади.
1582 йилда Севильяда Клавихонинг машҳур “Эсдаликлар” асари нашрдан чиқди. Клавихо Амир Темур саройига элчи сифатида ташриф буюрган бўлиб, унинг ёзганлари Соҳибқирон давридаги сарой ҳаёти, сиёсий муҳит ва маданият ҳақида қимматли маълумотлар беради.
Шунингдек, инглиз драматурги Христофор Морло томонидан яратилган “Буюк Темур” саҳна асари Амир Темур образини Европа адабиётига олиб кирган муҳим бадиий асар ҳисобланади. Унда Соҳибқирон кучли иродага эга шахс сифатида тасвирланган.
Кейинги асрларда Амир Темур ва Темурийлар тарихига бағишланган тадқиқотлар сони ортиб борди. Бугунги кунда 30 дан ортиқ мамлакатларда 500 дан зиёд хорижий тадқиқотчилар томонидан Соҳибқирон фаолиятига оид асарлар яратилган. Бу эса унинг шахси тарихий феномен даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Бироқ, шўролар даврида Амир Темур шахсига нисбатан бир ёқлама ва салбий ёндашув устун бўлди. Унинг фаолияти кўпинча босқинчилик сифатида талқин қилинди. Шунга қарамай, 1968 йилда Иброҳим Мўминов томонидан ёзилган “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласининг нашр этилиши бу мавзуга илмий қизиқишни яна жонлантирди. Бу асар Соҳибқирон фаолиятига нисбатан холис ва илмий ёндашувни тиклашга хизмат қилди.
Амир Темур образи нафақат тарихий, балки бадиий асарларда ҳам кенг ёритилган. Масалан, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драматик достони Соҳибқирон шахсини миллий руҳ ва ғурур тимсоли сифатида тасвирлайди.
Шунингдек, Жумабой Раҳимовнинг “Буюк давлат арбоби ва улуғ саркарда” асари Амир Темурнинг давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатдаги ўрнини илмий-оммабоп тарзда ёритади.
Амир Темур шахси ва фаолияти асрлар давомида турли нуқтаи назарларда талқин этилган бўлса-да, унинг тарихий аҳамияти инкор этиб бўлмайдиган даражада улкан. Шарқ манбаларида у давлат арбоби ва бунёдкор сифатида улуғланган бўлса, Европа адабиётида кўпроқ қудратли саркарда образида тасвирланган.
Бугунги кунда эса Амир Темур шахси холис илмий ёндашув асосида қайта ўрганилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА