Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соҳани рақамлаштириш давр талаби
18:49 / 2024-07-09

“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш ҳамда истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тўлов интизоми ва маданиятини ошириш, етказиб берилаётган ичимлик суви ва кўрсатилаётган оқова сув хизматлари учун тўловларнинг шаффофлиги ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, бугунги кунда жамият томонидан аҳоли истеъмолчилари учун такомиллаштирилган ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган "Uzwater" ҳамда юридик истеъмолчилар учун интеграциялашган ягона биллинг тизими ишга туширилган. Қолаверса, такомиллаштирилган шахсий кабинет жорий этилган. У орқали истеъмолчилар тўловлар ҳисоботини (ойлар, йиллар кесимида) кўриб бориши, шу ернинг ўзида тўловни амалга ошириши ва ҳисоблагичлар маълумотини киритиши мумкин.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирок этган матбуот анжуманида шулар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, истеъмолчилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли назоратчилари учун “инсон омилисиз” рақамлаштирилган КПИ тизими жорий этилган. Ҳозирда онлайн тўловларнинг улуши 75 фоизни ташкил этмоқда.  

[gallery-18190]

Шунингдек, сув сифати ва хавфсизлиги мониторинги учун “WATER LAB” ахборот тизими жорий этилиб, айни пайтда тестдан ўтаётгани таъкидланди. Бунда республика бўйлаб ичимлик сув сифатини назорат қилиш имконияти сезиларли даражада кенгайтирилиб, мавжуд лабораториялар тўлиқ рақамлаштирилади ва ҳисоботлари электрон тарзда юритилади.  

Тадбирда “Ўзсувтаъминот” АЖ таркибидаги автотранспорт ва махсус техникалар учун автоматлаштирилган GPS дастурий таъминоти ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра ушбу дастур орқали транспорт воситалари ва махсус транспортларнинг ҳаракатини тўлиқ назорат қилиш, ҳаракат йўналишларини оптималлаштириш ҳамда ёқилғи сарфини камайтириш имкони мавжуд экан. Шунингдек, аҳоли учун ичимлик ва оқова сув таъминотида содир бўлган муаммолар жойини тезкор аниқлашда муҳим ўрин эгаллайди.

Шунингдек, анжуманда жорий йилда авариялар бўйича буюртмаларни қабул қиладиган ва ҳисобини юритадиган “Suv-dispetcher” авария диспетчерлик тизими жорий этилиши жамият мутасаддилари томонидан қайд этилди.  

Якунда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, тўлов интизоми ва маданиятини ошириш, ичимлик суви танқислиги ва уни асрашда ОАВ вакиллари билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.  

Нилуфар Бозорова,

Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА мухбирлари