Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида “Инсон қадри учун” тамойилига асосан амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар халқимиз саломатлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилояти филиалида беморлар учун барча шароит ва имконият яратилган. Марказ 75 ўриндан иборат бўлиб, 203 нафар ходим фаолияти юритмоқда. Ўтган бир йил давомида 22 минг 725 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатилди.
– Муассасамиз 20 ўринли ҳаво-томчи, 25 ўринли ичак инфекцияси, 30 ўринга мўлжалланган вирусли гепатит бўлимидан иборат, – дейди филиал директори Бахтиёр Бозоров. – Барча бўлимларда беморлар учун хизмат кўрсатиш бепул амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунда бактериологик лабораторияда ўтказиладиган таҳлиллар сони 18 турни, клиник лабораторияда эса 41 турни ташкил этади.
Гепатология маркази 2018 йилда иш фаолиятини бошлаган бўлиб, қисқа фурсатда хизмат кўрсатиш сифати билан аҳолига манзур бўлмоқда. Ушбу марказда фақат таҳлил топшириш хизмати пуллик амалга оширилади. “А”, “Б” гепатит касаллиги аниқланган беморлар рўйхати шакллантирилиб, уларга дори-дармонлар бепул тарқатилмоқда.
– Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги “ Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун вилоятимизнинг барча ҳудудларида скрининг текширувлари ўтказилиб, касалликни даволаш қамрови оширилди, – дейди Б.Бозоров. – Марказимиз шифокорлари томонидан вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда Марказнинг моддий таъминоти, хусусан, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш даражаси 95 фоизни ташкил қилади. Жорий йилдан бошлаб озиқ-овқат, стерилизация ва кир ювиш хизматлари аутсорсинг асосида йўлга қўйилди. Айтиш жоизки, биргина 2022 йилда 5 та компьютер, ҳар бирининг қиймати 21 миллион 594 минг сўмлик 2 та ларингоскоп, шунингдек, қиймати 21 миллион 605 минг сўмлик вакуумли аспиратор олиб келинди. Жорий йилнинг биринчи мавсумида эса овоз бериш йўли билан “Очиқ бюджет” лойиҳаси асосида 2 турдаги 750 миллион сўмлик рақамли рентген ва 392 миллион 500 минг сўмлик ультратовуш диагностикаси (УТТ) аппаратлари олинди. Шунингдек, ўтган йилда шифохонанинг 1-қаватида жойлашган ҳаво-томчи ва бактериология таҳлилхона бўлимларида қарийб 77,9 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу эса аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш имконини яратмоқда.
Шифохонада даволаш жараёнига инновацион, юқори технологик усулларни татбиқ қилиш мақсадида касбий малакани ошириш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, ҳамшира Саодат Муҳиддинова икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида Туркия сафарида бўлиб, малака ошириб қайтди.
Бундан ташқари, шифокорлар ҳам ҳар йили Тошкент, Самарқандда бўлиб ўтадиган семинар ва форумларда фаол иштирок этишмоқда. Фаррух Шукуровнинг Санкт-Петербургда, Жалол Бердиевнинг эса Истанбул шаҳрида малака ошириши режалаштирилган. Албатта, эришилаётган натижалар соҳага қаратилган катта эътибор, инсон қадри ва саломатлигига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг бир кўринишидир.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири