Инновацион ривожланиш вазирлигида жорий йил 28 февралдан янги илмий ишланмалар кўргазмаси ўз фаолиятини бошлади.
Унда янги механизм асосида бажарилган ва 2021 йилда якунланган илмий лойиҳаларнинг асосий натижалари – 100 дан ортиқ янги илмий ишланмалар намойиш этилиши кўзда тутилган. Жумладан, Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилотларнинг 15 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 40 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 7 та, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасаларининг 39 дан ортиқ илмий ишланмалари намойиш этилмоқда.
Янги ишланмаларнинг асосий қисми 24,8 фоизи техника ва кимё технологиялари фанлари йўналишида тақдим этилаётган бўлса, 13,9 фоизи тиббиёт ва фармацевтика йўналиши, 17 фоизи қишлоқ хўжалиги йўналишида, 28,7 фоизи ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида тайёрланган.
Кўргазма якунидан сўнг ишланмаларни жорий этишдан манфаатдор бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа вакиллари ҳам таклиф этилади ва ҳар бир янги ишланманинг тижоратлаштириш салоҳияти биргаликда муҳокама этилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган амалий ва инновацион тадқиқотларни бажариш доирасида муассасалар томонидан яратилган илмий фаолият натижалари, техник лойиҳалар якунланганидан кейин молиялаштирилиши шарт.
Шунингдек, кўргазма доирасида “Ўзсаноатқурилишматераллари” уюшмаси билан ҳамкорликда қурилиш материаллари соҳасидаги янги маҳсулотларнинг намуналари ҳам тақдим этилмоқда.
Кўргазма жорий йилнинг 7 мартига қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА