Аҳолига ичимлик сувининг узлуксиз етказилиши, кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қонунчиликда эса истеъмолчиларнинг ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга ошириш лозимлиги белгилаб қўйилган.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчилар орасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги тобора ошиб бормоқда ва бугунги кунда 1,36 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 1,13 триллион сўмни ташкил этса, 218 миллиард сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда. Қарздорлик миқдори энг юқори бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри 252 миллиард сўм, Андижон вилояти 153 миллиард сўм, Тошкент вилояти 145 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Истеъмолчиларнинг қарздорлиги билан бир қаторда соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири ичимлик ва оқова сув тизимларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, яъни ноқонуний уланиш ҳолатлари бўлмоқда. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда жойларда мунтазам равишда рейд тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган 2022 йил ҳисобида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик ва оқова сув тизимларига жами 2240 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб мазкур қонунбузарликлар натижасида жами 41,5 миллиард сўмлик зарар етказилган. Бунда энг юқори кўрсаткич Тошкент вилоятида 572 та, Хоразм вилоятида 940 та, Самарқанд вилоятида 344 тани ташкил этмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса ичимлик ва оқова сув тармоқларига 407 та ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, унинг натижасида жами 3,9 миллиард сўмлик зарар етказилган.

– Бундай ҳолатлар республиканинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилоятида ҳам кўплаб учрамоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Жумладан, “Оқсув-Дехқонобод” магистраль сув қувурига ноқонуний уланишларни аниқлаш ва бартараф этиш, сув йўқотишини олдини олиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини ошириш юзасидан рейд тадбирлари ўтказилди. Унда магистрал қувурдан ўтаётган сув ҳажми ўлчаниб, мазкур оралиқда суткасига 31 фоиз сув йўқотилаётганлиги аниқланди. Тадбир давомида қувурга аҳолининг коврак суғориш учун ўзбошимчалик билан уланганлиги, айрим ҳудудларда маҳаллий чўпонлар томонидан тармоқ зулфинлари ҳамда вантузларга зарар етказилиб, сув сой йўлига оқизиб қўйилганлиги аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тузилган далолатномалар асосида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарорида Сув қувурига ўзбошимчалик билан уланган истеъмолчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Қонунчилигимизга киритилган ўзгаришларга кўра энергия ресурслари, жумладан, ичимлик ва оқова сув тармоқларига фойда олиш мақсадида ноқонуний уланиш жиноят деб қаралмоқда. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланишини чеклаш ва бутунлай барҳам бериш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА