Бундан 4-5 йиллар олдин бир яқинимиз юрак хасталиги билан оғриб, анча вақтгача даволаниб юрди.
Ҳали туман, ҳали вилоятда ётмаган шифохонаси қолмади. Ҳатто табибу кинначилардан ҳам умидвор бўлиб, шифо излади. Аммо ҳеч фойдаси бўлмагач, пойтахтга келишди. Республика кардиология марказида даволанди.
Ушбу марказда беморга мен билганим бир қанча дори-дармонлар қилишди ва юрак томирларини стентлаш амалиётини ўтказишди. Бунинг учун, албатта, анча вақт ва маблағ сарфланди. Бемор бир томондан дард билан қийналиб, сиқилган бўлса, иккинчи томондан уйидан, ўз ҳудудидан узоқда анча зерикди, ортидан келганларнинг сарсон бўлганидан ҳам хотиржам бўлолмади.
Бу каби юраги хаста беморлар талайгина. Ҳатто янги туғилган чақалоқларда ҳам юрак хасталиклари ёки уларнинг аломатлари мавжудлиги ҳақида кўп бора эшитиб қоламиз. Улар ҳали пойтахт, ҳали хорижда даволаниш учун бундан-да баттар сарсонгарчиликларга учраётган бўлиши мумкин, катта маблағлар сарфлаётгани шубҳасиз. Саломатлигини тиклаш учун инсон ҳамма нарсага тайёр бўлади. Аммо соғлиқ ҳақида уни йўқотмасдан аввал ўйлаш, қайғуриш лозим. Касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш учун шарт-шароитларни мустаҳкамлаш муҳим масала.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича келгусидаги ишлар белгилаб олинди. Давлат раҳбари “Халқимизнинг соғлиғи ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлигимиздир”, дея алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш мақсадларига катта куч ва имкониятлар сафарбар этилаётир.
Видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган. Таҳлилларга кўра, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Сўнгги беш йилда бундай касалликлар 20 фоизга, жумладан, ёшлар орасида ҳам кўпайган. Умуман, 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.
Шу боис, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилади ва зарур чоралар кўрилади.
– Юртимизда тиббиёт соҳасига, аҳоли саломатлигини асраб-авайлашга устувор аҳамият қаратилиб, кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлими бошлиғи Бахтиёр Жумаев. – Давлатимиз раҳбари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида ҳам бу борада алоҳида тўхталиб, кейинги беш йилда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганини таъкидлади. Мамлакатимизда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, самарали фаолият юритаётгани табрикда қайд этилди. Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг барчаси аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим ўрин тутади. Президент топшириғига асосан юрак касалликлари бўйича келгуси йил 1 июлга қадар туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати тузилиб, шу асосда режали даволаш йўлга қўйилиши, албатта, ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Яъни юрак хасталиклари олдиндан аниқланиб, самарали даво муолажалари ўз вақтида амалга оширилса, ушбу касалликларнинг асорати камроқ бўлади, янада кучайиб кетишининг олди олинади. Бунинг учун туман шифохоналари 4 турдаги кардиология ускуналари билан таъминланадиган бўлди. Кўрсатиладиган хизматлар турини 5 тадан 15 тага ошириш, туман лабораторияларини коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминлаш назарда тутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, туманларда беморларга аниқ ташхис қўйиш, зарур муолажаларни амалга ошириш, қолаверса, турли оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бундан ташқари, юрак-қон томир касаллиги аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилиши ҳам беморга, ҳам тиббиёт ходимларига қулайлик яратади.
Аслида ҳеч бир дарднинг, хасталикнинг енгили бўлмайди. Ҳамма касаллик ҳам инсоннинг саломатлигига, ҳаётига рахна солади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари янада хавфли. Бу турдаги беморларнинг ёшариб бораётгани эса муаммо устига муаммо. Демак, давлат раҳбари бошчилигида тиббиёт соҳаси, кардиология йўналиши бўйича муаммолар, келгусидаги вазифаларга алоҳида тўхталинаётгани бежиз эмас. Ушбу йўналишда белгиланган вазифалар, ҳаётий масалалар эса юртдошларимиз саломатлигида, юрак хасталикларининг олдини олишда ўта долзарб аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА