Нукусда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Соғлом ёшлар — соғлом келажак” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда тиббиёт соҳаси мутахассислари, партия фаоллари ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг талаба-ёшлари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, қолаверса, узоқ умр кўришнинг гарови — соғлом турмуш тарзи экани бугунги кунда барчамиз учун аён ҳақиқатдир. Зеро, ҳар бир инсон ўз соғлиги учун, энг аввало шахсан ўзи масъулдир. Жамиятнинг келажаги эса соғлом ва маънавий етук авлод тарбияси билан узвий боғлиқ.
Давра суҳбатида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшлар ўртасида тиббий ва саломатлик маданиятини юксалтириш, зарарли одатларга қарши курашиш, жисмоний фаолликни ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар томонидан саломатликни сақлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага жорий этилаётган янгиликлар, профилактика ва соғлом ҳаётга оид лойиҳалар ҳамда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова давлатимиз раҳбарининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қилган маърузасида баён этилган таълим соҳасига оид муҳим ташаббусларга тўхталди. Хусусан, хусусий боғчаларни қўллаб-қувватлаш, касбий таълимни ривожлантириш, ягона давлат имтиҳонлари асосида ўқувчиларни олий ёки касбий таълимга йўналтириш, техникумлар ва хорижий таълим муассасалари ҳамкорлигида замонавий касблар бўйича ўқитиш, педагогларга имтиёз ва рағбатлар бериш каби ислоҳотлар ёшларни соғлом ва билимли шахс қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир доирасида талабаларнинг фикр ва мулоҳазалари ҳам тингланди. Ёшлар соғлом ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш, атрофдагиларни ҳам шу руҳда тарбиялаш, соғлиққа эътиборли бўлиш борасида ўз ташаббусларини илгари суришди. Улар соғлом турмуш тарзи, спорт ва тўғри овқатланишни ҳаёт тарзи сифатида қабул қилиш кераклигини таъкидлашдилар.
Давра суҳбатида таъкидлаб ўтилганидек, партиянинг устувор вазифаларидан бири — юртнинг эртанги куни бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни онгли, билимли ва соғлом фуқаро қилиб вояга етказишдир. ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳам ёшларнинг саломатлиги, таълими ва маънавий етуклигини таъминлаш мақсадида изчил, мақсадли ва амалиётга йўналтирилган ташаббусларни давом эттиради.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири