Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом халқ юрт фаровонлиги ва тараққиётини амалга оширувчи катта кучдир
10:14 / 2022-12-26

Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги мамлакатнинг катта бойлиги саналади.

Шу боис Давлатимиз раҳбари 20 декабрь куни парламент ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасида фуқароларимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш 2023 йилда ҳам давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бир бўлиб қолишини таъкидлаб ўтдилар.  

Хусусан, энг аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тизими тезлаштирилиб, 2023 йилдан бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.  

Шу билан бирга, аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Сабаби, айни кунда 7 миллионга яқин фуқароларимиз турли хил сурункали касалликлар билан оғриб келмоқда. Бунинг энг асосий сабабларидан бири, бу — соғлом турмуш тарзининг тўғри йўлга қўйилмаганлигидир.  

Шу боис, Давлатимиз раҳбари томонидан «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи»ни янги умуммиллий ҳаракатга айлантириш ва бу ишларни маҳалладан бошлашимиз лозимлиги айтиб ўтилди. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши кераклиги таъкидланди.  

Шу билан бирга, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ишлари давом эттирилади. Келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб берилади, экспресс лабораториялар тўлиқ янгиланади.  

Янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади. 

Айни кунда мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож. Шу боис келгуси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда, давлат-хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.  

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан Мурожаатномада келгуси йилда амалга ошириладиган энг устувор йўналишлардан бири сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгилаб қўйилиши борасидаги ташаббусдир.  

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2022 йилнинг май ойидан буён халқимиз ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиб келинаётган Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам айнан энг кўп инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга доир ўзгартиришлар киритилмоқда. Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам фикримиз тасдиғидир.  

Аммо бугун жамиятимиз, унда истиқомат қилиб келаётган инсонлар онги кун сайин ўзгариб бормоқда. Бу эса одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар борлигини кўрсатмоқда. Бунга биргина мисол: ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар билан ҳам изоҳлаш мумкин.  

Шу боис, ушбу камчиликларни бартараф қилишнинг дастлабки қадами сифатида давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилиши маълум қилинди. Шунингдек, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади.  

Хусусан, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилмоқда. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бу эса бугун жамиятимизда ҳақли эътирозларни келтириб чиқараётган хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.  

Умуман олганда, Мурожаатномада белгилаб берилган ҳар бир устувор йўналишнинг ҳаётимизга ўз вақтида татбиқ этилиши, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини самарали амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб беради.  

 

Мавлуда Адҳамжонова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати