Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифалар соғлиқни сақлаш тизимида инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Сифатли тиббий хизматни яхшилаш, аҳоли саломатлигига жиддий эътибор қаратиш, сурункали касалликлар билан оғриётган беморларни даволаш, малакали тиббий хизматни маҳаллагача етказиш ана шулар сирасидандир.
Вилоятимизда ҳам бу борада кўплаб ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Беш йил ичида инвестиция дастури асосида 15 та тиббиёт муассасалари реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирланади. 10 та оилавий шифокорлик пунктлари ва 6 та оилавий поликлиникалар фаолияти ташкил этилади, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Ихтисослашган тиббий хизматларни кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Бағдод, Ёзёвон туманлари ва Қўқон шаҳрида туманлараро шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари, ҳар бир шаҳар ва туман поликлиникаларида болалар бўлимлари фаолияти қайта тикланади, шифохоналарда эса болалар реанимацияси ташкил этилади. Вилоятнинг 40 ёшдан ошган 1 миллионга яқин аҳолиси бўлиб, улар ўртасида юрак-қон томир ва қандли диабет касалликлари бўйича манзилли скрининг текширувлари ўтказилади.
Аҳоли, айниқса, аёллар орасида учрайдиган энг кўп касалликларни (буйрак, эндокрин тизими, онкология) камайтириш мақсадида вилоят перинатал марказини реконструкция қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича кластер тизимини жорий қилиш, тиббиёт бирлашмалари болалар бўлимлари ва туғруқхоналарида реанимация бўлимларини ташкил этиш чоралари кўрилади. Ҳиндистоннинг “Apollo hospital” клиникасининг филиали ташкил этилади. Ушбу муассасада трансплантология, ортопедия, кардиохирургия, ошқозон-ичак аъзолари, кўз касалликлари ҳамда нейрохирургия йўналишларида даволаш ишлари олиб борилади.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимига хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда даволаш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Қолаверса, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда “Фарғона тажрибаси” йўлга қўйилмоқда. Агар меъёрдан ортиқча вазнга эга фуқаролар махсус дастур доирасида рўйхатдан ўтиб, ортиқча вазнларини йўқотишга эришсалар, ҳар бир килограмм озиш учун 500 минг сўм миқдорида рағбатлантирилади. Мазкур тажрибани оммалаштириб бориш назарда тутилган. Бу борада махсус низом ишлаб чиқиляпти. Соҳадаги барча ислоҳотлар, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар замирида инсон саломатлиги, соғлом турмуш тарзи, соғлом келажак ғояси мавжудлиги билан муҳим ўрин тутади.
Ҳусан МАМАЖОНОВ,
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи