Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом турмуш тарзи – узоқ умр кўриш асоси
12:30 / 2021-12-03

Саломатлик инсоннинг энг катта бойлигидир. Ҳар бир киши аввало ўзи, оиласи ва яқинларининг соғлиғи учун масъул бўлиши лозим. Ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осон ва самарали эканлигини унутмаслик керак.

Наманганда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Анжуманда вилоятда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган эзгу ишлар, соҳада кечаётган ислоҳотлар самаралари, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами масканлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва ихтисослашган тиббиёт муассасалари ишини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бўйича маълумотлар келтирилди.

Соғлом тумуш тарзини қарор топтириш учун, биринчи галда оилада тиббий маданиятни юксалтириш, жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш тамойилларига риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида бу муҳим йўналишларга оид устувор вазифалар кўрсатиб берилган.

– Давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни салаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов. – Айниқса, маҳаллаларда “Саломатлик профили”ни шакллантириш, “Саломатлик мактаблари” ва “Саломатлик бурчаклари”нинг ташкил қилиниши натижасида аҳолининг соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этиши самарадорлиги ортмоқда. Чунончи, маҳаллаларда мунтазам ташкиллаштирилаётган “Менинг соғлом нонуштам”, “Бизнинг дастурхон”, “Менинг соғлом оилам” мавзуларида челенж ва танловлар яхши натижа бермоқда.

Қолаверса, “Соғлом хонадон”ни аниқлаш ва улардан ибрат намунасини олиш мақсадида, жами 520 та хонадон соғлом турмуш тарзи юритувчи хонадонлар сифатида алоҳида ажратилиб, кириш эшикларига “Спортчилар оиласи”, “Жисмоний фаол хонадон”, “Тўғри овқатланадиган хонадон”, “Соғлом муҳит ҳукмрон хонадон”, “Зарарли одатлардан ҳоли хонадон” сингари махсус стикерлар (ёрлиқлар) ёпиштирилди.

Вилоят бўйича танлаб олинган 134 та маҳаллада 98 та “Эъзозли аёллар”, 80 та “Фахрий нуронийлар”, 53 та “Чиройли қомат учун” клублари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу клублар аъзолари жисмоний тарбия машқларини бажариш қоидаларига ўргатилди, 1 минг 241 нафари эрталабки бадантарбия ва 1 минг 123 нафари кечки пайтдаги сайрга жалб қилинди.

[gallery-4931]

Мактаб ва боғчаларда ўқувчилар ҳамда болажонлар учун гигиена қоидаларига риоя қилиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик бўйича кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида машғулотлар олиб борилди. 121 та маҳаллада эса уюшмаган болаларга мўлжалланган қизиқарли ўйинлар тарзида кўргазма тайёрланиб, “Тоза қўллар”, “Жозибадор табассум”, “Тўғри овқатланайлик”, “Йўл қоидалари” каби машғулотлар ва “Саломатлик куни”да спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, “Соғлом турмуш тарзи нима?”, “Мен соғлом таомланишни танлайман” мавзуларида болалар расмларини чизишга оид 24 та танлов уюштирилди.

Тадбирда шунингдек, журналистлардан тез тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, поликлиникаларда бепул дори-дармонларни етказиш, коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнлари билан боғлиқ келиб тушган саволлларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА