Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом турмуш тарзи – соғломликнинг кафолати (+видео)
12:05 / 2024-05-30

Самарқанд вилояти аҳолисида эндокрин касалликларининг олдини олиш ва эрта аниқлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган скрининг текширувлари натижасида 11 минг 500 кишида ортиқча вазн, 5800 нафардан ортиқ шахсда семизлик, 968 нафар фуқарода қандли диабет аниқланган. Касаллик қайд этилган беморлар назоратга олиниб, зарур тавсиялар берилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилиши ҳамда эндокрин касалликлар аниқланган беморлар билан мунтазам алоқа ўрнатилиши белгиланган.

Шунингдек, сурункали эндокрин касалликлари ривожланишининг олдини олиш учун эндокрин касалликларини даволашнинг замонавий клиник протоколлари ва алгоритмларини жорий этиш, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги эндокринолог шифокор хоналарини зарур тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, глюкометр, махсус тест япроқчалари ҳамда игналар билан таъминлаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида белгиланган стандартларга мувофиқ жиҳозланган шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилиши вазифаси қўйилганди.

– Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги қарори ижроси юзасидан 2022 йилдан буён аҳоли ўртасида, асосан қирқ ёшдан ошган юртдошларимизда қандли диабетни эрта аниқлаш учун скрининг текширувлари ўтказилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали врач-эндокринологи Азиза Юсупова. – Мазкур текширувлар туман, шаҳар эндокринологлари томонидан бирламчи тиббиёт бўғини мутахассислари билан биргаликда ўтказилади. Бунда ҳудудий поликлиникаларда шакллантирилган ортиқча вазнли, қон босими юқори бўлганлар ёки ота-онаси ва бошқа яқинлари қандли диабетга чалинган шахслар рўйхати асосида уларда қондаги қанд миқдори аниқланади. Бунда қондаги қанд миқдори оч қоринга меъёр 3,5-6,0 ммоль/л.гача, диабетолди ҳолатда 6,1 дан 7 ммоль/л.гача, овқатланишдан 2 соат ўтгач, меъёр 7,8 ммоль/л.гача, диабетолди ҳолатда 7,8 дан 11 ммоль/л.гача бўлиши керак. Агар қондаги қанд миқдори меъёрдан юқори бўлса, бу шахслар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилади. Диабет ташхиси қўйилса, шунга қараб даволаш чоралари кўрилади.  

Йилнинг дастлабки тўрт ойида вилоятимиз бўйича 95749 нафар шахс скрингдан ўтказилган бўлиб, улардан 11503 нафарида ортиқча вазн, 5804 нафарида семизлик, 968 нафарида қандли диабет аниқланган. Касаллик аниқланган беморлар белгиланган тартибда назоратига олиниб, уларни даволаш чоралари кўрилмоқда.  

Скрининг текширувларининг ўтказилиши касалликни эрта аниқлаш ва унинг асоратларини камайтириш имкониятини беряпти. Чунки, кўп ҳолларда аҳоли диабетнинг оғир асорати кўринмаса, касалликка чалинганини сезмай юраверади. Улар одатдагидан кўп сув ичиши ёки пешобга кўп чиқиши мумкин, лекин бу диабет белгиси эканини билмайдиган кишилар жуда кўп. Касаллик эрта босқичларда аниқланса, уни даволаш самарадорлиги ҳам юқори бўлади.

Филиал масъулларнинг қайд этишича, қарор ижросини таъминлаш мақсадида барча туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги эндокринолог шифокор хоналари зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган, тест япроқчалари, глюкометр ва зарур дори воситалари билан таъминланган. Ургут, Пайариқ, Нарпай, Каттақўрғон ва Самарқанд туманларидаги марказий шифохоналарнинг ҳар бирида 20 ўринли эндокринология бўлимлари очилган. Бошқа туман ва шаҳарларда ҳам терапия бўлимларида эндокрин касалликларни даволаш учун камида ўнтадан жой ажратилган.

[gallery-17621]

– Ҳозирги кунда скрининг ўтказиш учун барча туман ва шаҳар поликлиникалари етарли миқдорда тест япроқчалари, қонда қанд миқдорини аниқлаш учун глюкометр аппаратлари билан, шунингдек, қонда гликерланган гемоглабин миқдорини аниқлаш учун рекативлар билан таъминланган, – дея сўзида давом этади Азиза Юсупова. – Агар беморларда семизлик ёки қандли диабетнинг бошланғич босқичлари кузатилса, уларга медфармин дори воситаси берилади. Биз скрининг вақтида фақат диабетни эмас, семизлик ва ортиқча вазнни аниқлаб, касалликни эрта аниқлаш ва даволаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш маданиятини ҳам шакллантиришга эътибор қаратяпмиз. Чунки, яхши биламиз, қандли диабет кўп ҳолларда ортиқча вазн, кам ҳаракатлилик, жисмоний фаолликнинг сустлиги оқибатида келиб чиқади. Аммо ҳамма ҳам буни билмаслиги мумкин. Шунинг учун кўрик вақтида, аввало, одамларни соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилишга чақирамиз. Ҳозир ҳатто қишлоқларди ҳам пиёдалар учун йўлаклар, велойўлаклар ташкил этилган. Саломатлик учун 5 минг қадам, 10 минг қадам, деган марафонлар ўтказилади. Мақсад – одамларнинг кўпроқ жисмоний ҳаракат қилишини рағбатлантириш, соғлом ҳаёт кечиришига эришиш, семизликни камайтиришдир. Аҳолимиз кўпроқ пиёда юрса, соғлом овқатланса, ортиқча вазн тўпламаса, қандли диабетдан йироқ бўлади.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/EAvuz37Txz4" title="Соғлом турмуш тарзи – соғломликнинг кафолати" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео, сурат),

ЎзА мухбирлари