Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом турмуш тарзи сари илк қадамлар боғчадан қўйилади
15:43 / 2020-11-19

Бугунги кунда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни жадал ривожлантириш, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб этиш, юқори малакали спортчиларни тайёрлаш борасидаги вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Унга кўра, мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, олий ўқув юртлари ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш алоҳида белгилаб ўтилган.

Мазкур фармон асосида илк маротаба Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари спорт билан шуғулланишлари учун замонавий болалар учун педалсиз велосипедлар (беговеллар) билан таъминлаш, “Ўзбекистонда биринчи болалар велопойгаси”ни ўтказиш бўйича меморандум имзоланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, мамлакат велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор иштирок этди. Расмийлар янги ташаббуснинг мамлакатимизда оммавий спорт тарғиботи йўлида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши, унинг ўрни ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтди. Шундан сўнг ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандумдан кўзланган асосий мақсад – ёш болаларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишига шарт-шароит яратиш, республикамизнинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларини босқичма-босқич болалар учун педалсиз велосипедлар (беговеллар) билан таъминлаш, томонлар ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.