Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши, вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ҳамда вилоят телерадиокомпанияси томонидан “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларнинг қуйи босқичлари ўтказилди.
-Спорт мусобақаларини ташкил этишдан асосий мақсад, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг сонини оширишдан иборат, -дейди Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Адолат Акрамова. -Шунингдек, таълим муассасалари ходимларини спорт тадбирларига кенг жалб қилинади. Улар ўртасида мусобақалар ташкил қилиш, спорт инфратузилмасини яхшилаш ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозлаб, ўқитувчиларнинг жисмоний фаоллиги даражаси оширилади. Таълим муассасаларидаги спорт секциялари ва тўгараклари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ўқитувчиларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш вазифалари ижросини таъминлашда ҳамда таълим муассасасида ўқувчиларга ўрнак бўлиш, ёшларда спорт ва соғлом турмуш тарзига бўлган ижобий муносабатни ривожлантириш мақсадида ҳудудларда оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш орқали таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилардан иборат жамоалар шакллантириб борилади.
[gallery-11179]
Мусобақаларнинг вилоят босқичи Бухоро Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтди.
Унда спортнинг оммабоп турлари мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича спорт севар ўқитувчи ва мураббийлар ўзаро куч синашди. Мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида 11 минг 962 нафар таълим муассасаларининг ходимлари қатнашди.
“Касаба уюшмаси кубоги” эса энг юқори кўрсаткични қўлга киритган кучли жамоага насиб қилди. Жамоага диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди. Мусобақада турли номинациялар бўйича бошқа ҳамкор ташкилотларнинг, жумладан, вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармасининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари ҳам топширилди.
Мусобақада энг кўп спортчи (иштирокчи) қатнашган таълим муассасаси, фаол иштирок этган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ташкилий қўмита томонидан “Спортни оммалаштирган энг яхши иш берувчи”, “Энг яхши ташкилотчи” номинацияси бўйича рағбатлантирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА