Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бошқарманинг 2025 йилда амалга оширган ишлари юзасидан маълумот берилди.
Таъкидланишича, ўтган даврда бошқармага жами 3 минг 552 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 85 фоизи қаноатлантирилган, 296 тасига тушунтириш берилган, 147 таси рад этилган, 40 таси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бошқарма томонидан туман ва шаҳарларда мунтазам сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари ўрганиб келинмоқда.

Шунингдек, ҳудуддаги жами 49 та корхонанинг юқори ликвидли маҳсулотларини биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши бўйича кунлик назорат ўрнатилган. Бугунга қадар жами 37 та товар (иш, хизматлар) бозорларида ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди ҳамда таҳлил натижалари бўйича таклифлар қўмитага киритилди. Давлат харидлари юзасидан бошқарма томонидан умумий бошланғич нархи 1 минг 69 миллиард сўмлик 1 минг 339 та давлат хариди ўрганилди. Шу асосида қонунчилик талаблари бузилиш ҳолатлари юзасидан 768 та харид бўйича жами 96 та иш қўзғатилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган ўрганиш-таҳлиллар натижасида жами 27 миллиард 755, 7 миллион сўм истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, Бўстонлиқ ва Қибрай туманлари аҳолисига хизмат кўрсатаётган “Раҳнамо сервис” МЧЖ томонидан тегишли маблағлар 15 минг 177 нафар истеъмолчига, Паркент, Юқори Чирчиқ туманлари ва Ангрен шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатаётган "ZERO-WASTE" МЧЖ томонидан тегишли маблағлар 37 минг 236 та истеъмолчига қайта ҳисобланган.

Тошкент вилоятида ташқи реклама ва ташқи тарғибот воситаларини мониторинг қилиш ишлари натижасида 85 та хўжалик юритувчи субъектга қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Ҳисобот даврида бу йўналишда кўрилган чора-тадбирлар туфайли 6,2 миллиард сўм миқдоридаги молиявий жарималар ундирилди.
– Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилган ўрганишлар давомида "jasjan_new"," amirxan_uzbek", "sevinchka_0000"," Ruzmatova_uttaguzal", "Hojiakbar_ku" номи остида фаолият юритадиган блогерларга ўз саҳифаларида қимор ва таваккалчиликка асосланган рекламаларни жойлаштиргани сабабли “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига асосан маъмурий баённомалар тузилди. Шу билан бирга, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни махсус лицензияга эга бўлмасдан амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига тегишли чоралар кўрилди, – дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Муроджон Умаров.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА