Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом она ва бола мустаҳкам келажак пойдеворидир
17:41 / 2024-10-23

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Педиатрлар мактаби, Россия узлуксиз касбий таълим тиббиёт академияси, Қозон давлат тиббиёт академияси, Витебск давлат тиббиёт университети (Беларусь Республикаси) ҳамкорлигида Қарши шаҳрида Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга бағишланган “Соғлом она – соғлом бола” мавзуида xалкаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияни ташкил этишдан мақсад давлатимиз раҳбарининг соҳа ривожига қаратилган тегишли қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, тиббий амалиётнинг таълим ва фан билан заиф интеграциясини бартараф этиш, илғор тиббий ютуқларни ташхислаш ҳамда даволаш жараёнига жорий этишга эътибор қаратишдан иборат.   

Ушбу конференция тиббиёт xодимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимидаги илғор xорижий клиникалар ҳамда олий тиббий таълим муассасалари билан xалқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.   

– Тиббий кадрларни тайёрлаш маркази томонидан ташкил этилган халқаро конференцияда нутқ сўзлаб, иштирок этдим. Тиббий кадрларни тайёрлаш маркази ҳақиқатдан постдиплом тайёрлашда етакчи муассасалардан бири ҳисобланади, – дейди Қозон давлат тиббиёт академияси, педиатрия ва неонтология кафедраси мудири, фан доктори, профессор Асия Сафина. – Илм-фан ва билимлар минтақаларга кириб бориши жуда тўғри ва зарурдир. Бу каби халқаро даражадаги муҳим тадбирларни ўтказиш болалар ва аҳолининг соғлиги учун катта ҳисса қўшади, деб ҳисоблайман. Умид қиламанки, бу борадаги дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз бардавом бўлади.   

Илмий-амалий конференция мақсади болалар касалликларини олдини олиш, ташxислаш ва даволашнинг замонавий усулларини кундалик тиббий амалиётга жорий этиш, шунингдек, Қашқадарё вилояти мутаxассислари ўртасида тажриба ҳамда билим алмашишдир.   

Конференция болаларга тиббий ёрдам кўрсатишда инновацион теxнологиялар, соғлом ва касал болалар учун овқатланиш муаммолари, эмлаш савол ва жавоблари, педиатриядаги иммунодиагностиканинг янги жиҳатлари, педиатрияда янги клиник кўрсатмалар ва стандартлар, ўсмир қизларнинг репродуктив саломатлигини яxшилаш истиқболлари, перинатал тиббиётда  жарроҳлик каби илмий йўналишларни ўз ичига олди.   

Конференция дастурида тиббиётда бир неча йўналишлардаги даволаш принциплари ва муаммоларининг назарий ҳамда амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Клиник таҳлилга, шунингдек, ижтимоий тиббиёт масалаларига катта эътибор берилди.   

– Дастуримизга давлатимиз раҳбари томонидан берилган тавсиялар асосида олиб бораётган ишларимизни сарҳисоб қилиш, соҳадаги янгиликларни шифокорларга улашиш каби кўплаб масалалар киритилган, – дейди тиббиёт фанлари доктори Нигора Мўминова. – Менга савол беришди: “нима учун тадбирни Тошкентдамас, Қашқадарёда ўтказяпсизлар”, деб. Энди ўйлаб кўринг, масалан, бу конференцияни Тошкентда ташкил қилсак, Қашқадарёдан 10 ёки 15 нафар шифокор бора олади. Бу ерда эса 300 нафардан ортиқ педиатрлар, акушер гинекологлар, оилавий шифокорлар, барча шу соҳага тегишли бўлган тиббиёт ходимлари ташриф буюрган. Улар билан ўзаро тажриба алмашяпмиз.   

Конференция тингловчилари Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларнинг таниқли етакчи экспертларининг фикрлари билан танишиш учун ажойиб имкониятга эга бўлди. Илмий-амалий конференцияда иxтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва таомиллари, педиатрия бўйича клиник тавсиялар муҳокама қилинди.   

[gallery-19945]

– Вилоятимизда оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида халқаро конференция ўтказилмоқда, – дейди  вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъули, педиатр Ғайрат Олмосов. – Бунда Россия, Беларусь, Қозоғистон каби давлатлардан, шунингдек, пойтахтдаги нуфузли клиникалардан тажрибали акушер гинекологлар, педиатрлар қатнашиб, маърузалар қилмоқда. Албатта бу вилоятимизда оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади.   

Конференциянинг 2-3 кунида Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят перинатал марказида маҳорат дарслари ва клиник саттелитлар бўлиб ўтди.   

Хулоса қилиб айтганда, конференция иштирокчилари жаҳон тиббиётининг касалликларни ташxислаш ва даволаш соҳасидаги сўнгги ютуқлари, илмий ишланмалар билан танишиш ҳамда ўрганиш имкониятига эга бўлди.   

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов, (сурат) ЎзА мухбирлари