Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом кексалик тамойиллари муҳокама қилинди
10:09 / 2023-12-01

Пойтахтимизда “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа минтақавий бюроси мутахассислари иштирокида “Соғлом кексалик тамойилларини тарғиб этиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, соҳага оид 10 дан ортиқ ҳуқуқий норматив ҳужжатларда  кексаларга ғамхўрлик ўз ифодасини топган.  

“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумига кўра, “Кексалар саломатлиги ойлиги” ташкил этилиб, юртимизнинг барча ҳудудларидаги кекса авлод вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Сурункали ва оғир хасталиклар аниқланган ҳолатларда ёши улуғ беморлар тиббиёт масканларида даволаниб, эрта аниқланган кўплаб хасталикларнинг олди олинмоқда.    

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳар йилнинг ноябрь ойи юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан кекса авлод вакиллари мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатларга юборилмоқда. Бундай эъзоз ва эътибор туфайли юртимизда 100 ёш ва ундан ҳам кўпроқ умр кўраётган сони ортиб бормоқда.  

Давра суҳбатида мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган меҳрли сиёсат ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги, ёш авлод тарбиясида нуронийларнинг ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА