English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом ҳомиладорлик – соғлом келажак (+видео)
15:49 / 2025-08-06

Наманганда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ташаббуси билан “Соғлом ҳомиладорлик – соғлом келажак” акцияси доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тиббий акциянинг дастлабкиси Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилди. Унда ҳудуддаги маҳаллалардан оғир муаммоли ҳомиладор аёллар “Лола” марказий туғруқхонасининг малакали акушер-гинеколог ва умумий амалиёт шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 

Президентимизнинг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган бепул тиббий акцияда ўнлаб муаммоли ҳомиладор аёллар иштирок этди. 

Қайд этиш керак, 13 мингдан ортиқ аҳолига кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатиб келаётган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида йигирмага яқин патронаж ҳамширалардан шаклланган ўнга яқин тиббий бригада фаолиятида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларнинг саломатлиги кўздан ўтказилмоқда. 

– “Соғлом ҳомиладорлик – соғлом келажак” шиори остидаги тиббий кўриклардан мақсадимиз аёлларимизда ҳомиладорлик давридаги касалликларни барвақт аниқлаш, даво чораларини кўриш ва соғлом фарзандлар туғилишига эришишдан иборат, – дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Райҳона Даминова. – Кенг кўламли акция давомида Фотима Қаюмова, Нилуфар Қаюмова, Шаҳноза Ботирова, Камола Қаҳҳорова каби тажрибали шифокорлар томонидан вилоятнинг барча ҳудудидаги хавф гуруҳига мансуб ҳомиладорлар қамраб олиниб, уларга зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Илк бор чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида ўнлаб ҳомиладорлардаги хасталикларни барвақт аниқлашга эришдик. Натижада, беморлар стационар ва амбулатор даволанишга йўналтирилди. 

– Кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ҳомиладорлар рўйхатида тураман. Бу ердаги меҳр ва эътибор, беминнат тиббий хизматдан беҳад хурсандман, – дейди Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи Малика Султонова. – Патронаж доямизнинг тавсияси билан соғломлаштириш акциясига келиб, моҳир акушер-гинекологдан ўзим ва бўлғуси зурриёдим учун керакли маслаҳатлар олдим. Барча жараёнлар яхши кечаётганидан кўнглим ёришди. 

Шу йилнинг 20 августига қадар давом этадиган тиббий кўрик акцияси вилоятнинг барча туманларида ҳам уюштирилиб, соғлом фарзандларни дунёга келиши учун ҳомиладорлар саломатлиги яхшилаш борасида аниқ муолажа чоралари белгилаб олинади. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ohCRSmq4v44" title="Sog‘lom homiladorlik – sog‘lom kelajak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.