Инсон саломатлиги фақатгина шифокорлар ёрдамига эмас, балки уни ўраб турган табиий муҳитга ҳам боғлиқ. Атроф-муҳит қанчалик тоза ва озода бўлса, ҳаёт шунчалик соғлом ва фаровон кечади. Бугунги кунда экологик муаммолар бутун дунёда долзарб масалага айланган. Шу боис, ҳар бир инсон табиатга эҳтиёткорлик билан ёндашиши, тоза муҳит яратишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Ўзбекистон Экологик партияси Сурхондарё вилояти ва Термиз шаҳар партия ташкилотлари ҳамкорлигида Термиз шаҳридаги “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Соғлом ҳаёт — тоза муҳит сари қадам!” шиори остида ўтказилган тадбир ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.


Тадбир доирасида Плоггинг акцияси ўтказилди. Оромгоҳ ҳудудида ташкил этилган ушбу акция давомида болалар ва партия фаоллари биргаликда югуриш жараёнида турли маиший чиқиндиларни йиғиб, атроф-муҳитни тозалади.


Акция якунида фаол иштирок этган болаларга Ўзбекистон Экологик партиясининг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари топширилди.
Ушбу ташаббус нафақат экологик тарбияни кучайтириш, балки ёшларда жисмоний фаоллик, жамоавийлик ва масъулият туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА