Инсоннинг соғлом ҳаёт кечириши учун нафақат тиббий хизматлар ёки тўғри овқатланиш, балки атроф-муҳитнинг софлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Тоза ҳаво, тиниқ сув, озода кўчалар ва чиқиндиларсиз муҳит — соғлом ҳаётнинг асосидир. Шу маънода, Сирдарё вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш ва санитар ҳолатни яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Президентнинг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони асосида вилоятнинг олти туманида жами 22,8 гектар майдондаги қаттиқ маиший чиқинди полигонларини замонавий муҳандислик ва коммуникация инфратузилмалари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Бу мақсад учун 7 миллиард 675,5 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Боёвут, Оқолтин ва Гулистон туманларида чиқиндиларни тупроқ билан кўмиш ва рекультивация ишлари 90 фоизга якунланди. Ушбу ҳудудларда тарози майдонлари, маиший хоналар, электр трансформаторлари ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари янгидан қурилди. Сардоба ва Сирдарё туманларида амалга оширилган шунга ўхшаш ишлар ҳам санитар ҳолатнинг кескин яхшиланишига хизмат қилди.

Асосийси, Сирдарё вилоятидаги 239 та маҳалла Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги томонидан жорий этилган “Тоза макон” биллинг платформаси орқали тўлиқ қамраб олинди. Ушбу тизим санитар тозалаш хизматларини электрон тарзда назорат қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва тўловларни шаффоф ҳамда қулай амалга ошириш имконини яратиб, чиқиндилар логистикасини оптималлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Бундай ёндашув туфайли ҳудудларда чиқиндиларни йиғиш ва марказлашган ҳолда чиқариб кетиш жараёнлари барқарор йўлга қўйилди. Аҳоли ўртасида санитар ҳолатдан қониқиш даражаси ошиб бораётгани эса рақамлаштирилган бошқарув тизимининг самарадорлигини тасдиқламоқда. Шу билан бирга, платформа соҳада юксак тартиб-интизом, экологик маданият ва самарали ресурс бошқарувига замин яратмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги 930 минг 874 нафар аҳолидан 631 минг 552 нафари санитар тозалаш хизматидан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич ҳозирда 68 фоизни ташкил этади, 2025 йил якунига қадар эса хизмат қамровини 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, “Тоза макон” тизими орқали 239 та маҳалла, 650 та кўча, 8 та полигон, 92 та чиқинди йиғиш майдончаси ва 128 минг 784 та абонент рақамли назоратга олинган.

Соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида 26 та чиқинди йиғиш майдони ва 25 та махсус техника воситасига онлайн кузатув камералари ўрнатилди. Бу эса назорат ва ҳисобот тизимини яхшилаш, маблағлар сарфини аниқ кузатиш имконини бермоқда.
– Вилоятда чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш тизимини замонавий шаклга ўтказиш, рақамли назорат ва ҳисобот механизмларини йўлга қўйиш — бизнинг асосий вазифамиздир, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Нуъмонов. – Ҳар бир маҳаллада санитар тозалаш хизмати йўлга қўйилгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Чиқиндиларни ажратиб йиғиш маданиятини ошириш ва қайта ишлашни ташкил этиш эса устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.
Бу жараён нафақат шаҳар ва туманлардаги санитар ҳолатни яхшилашга, балки аҳолида экологик маданиятни шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Тоза муҳит — соғлом ҳаёт асоси эканини англаган фуқаро ўз атрофини озода сақлашга масъулият билан ёндашади.
– Нафақат хонадон ёки маҳалла, балки бутун шаҳарнинг озодалиги инсоннинг кимлиги ва маданиятидан дарак беради, – дейди меҳнат фахрийси Суюн Муродов. – Сўнгги вақтларда тозалик ва озодаликка катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса экологик барқарорликни таъминлаш, нафас олаётган ҳавони соф ҳолда сақлашга катта ҳисса қўшмоқда. Албатта, бу борада санитар тозалаш корхоналари ва шаҳар ҳамда хиёбонларни озода сақлаш учун тинмай хизмат қилаётган ходимларнинг ҳиссаси беқиёс.
Сирдарё вилоят “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси раҳбари Камолиддин Сулаймонов эса қўшимча қилди:
– Президентимизнинг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда маиший чиқинди хизматларини янада такомиллаштириш учун кенг имконият яратди. Ушбу ҳужжат соҳадаги тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.
Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ушбу ишлар нафақат чиқиндиларни бошқариш тизимини ривожлантиришга, балки аҳоли учун соғлом муҳит яратиш, табиатни асраш маданиятини кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Соғлом ҳаёт соф муҳитдан бошланади. Пок муҳитни яратиш эса ҳар биримиздан масъулият ва эътиборни талаб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири