Бутунжаҳон орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС)га қарши кураш куни муносабати билан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда Жиззах давлат педагогика университети талабалари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Соғлом ҳаёт сари – биргаликда!” шиори остида ташкил этилган тадбир Жиззах вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбир аввалида Жиззах вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Нилуфар Асқарова ОИТСга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кўргазмали слайд шаклида атрофлича маълумот берди.
Тадбирда орттирилган иммунитет вируси(ОИВ) инфекцияси муаммоси нафақат республикамизда, балки бутун дунёда ҳамон долзарблигини йўқотмагани, касалликни аҳолимиз асосан соғлом турмуш тарзига риоя қилмасдан юқтираётганлиги, касаллик билан оғриганларнинг асосий қисми 30 – 45 ёшлилар эканлиги таъкидланди.
– ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан инфекцияни юқтириб олиб, вафот этганлар хотирланади, инфекцияни юқтириб олганлар маънавий қўллаб-қувватланади, турли хайрия ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади, – дейди Нилуфар Асқарова. – Ушбу ОИТС касаллигининг жаҳон миқёсида тарқалишига баҳо берадиган бўлсак, ОИВ инфекцияси аниқланган 1981 йилдан шу бугунги кунга қадар 77 миллион киши инфекцияни юқтирган. Бугун ОИТСни юқтириб олиб яшаб турганлар сони эса дунё бўйича 39 миллионни ташкил этади. Лекин ушбу рақамлар нисбий бўлиб, бир қатор мамлакатлар ОИТС билан оғриганлар сонини ошкор қилмайди.
Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири