Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам жорий йилнинг январь ойи “Давлат хизматчиларини соғломлаштириш ойлиги” деб эълон қилинганди.
Шу муносабат билан Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги 3 та шаҳар, 8 та туман тиббиёт бирлашмаси, унга қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Соғлом давлат хизматчиси” шиори остида тиббий кўрик ташкил этилди.
—Тиббий кўрик жараёнига туман ва шаҳар, қолаверса, вилоят даволаш профилактика муассасаларининг офтальмолог, кардиолог, невропатолог, терапевт, акушер-гинеколог, хирург, травматолог, дерматолог каби тор доирадаги мутахассислари жалб этилди,—дейди Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси даволаш профилактика ёрдамини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Ҳайдар Акромов.
Натижада туман, шаҳар ҳокимликларида ишлаётган 248 нафар давлат хизматчиси саломатлиги чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиб чиқилиб, 3 нафарида эндокрин тизими, 1 нафарида эса буйрак, сийдик ажратиш тизими касалликлари аниқланган бўлса, 1 нафарида қандли диабет, 1 нафарида семизлик, 1 нафарида остеохондроз, 2 нафарида кўз касалликлари борлиги аниқланиб, 5 нафарига амбулатор, 5 нафарига санаторий-курорт шароитида даволаниш ва соғлиғини тиклаш, парҳез ва махсус овқатланиш юзасидан тавсия ва маслаҳат берилди.
Мухтасар айтганда, соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги саналади. Шу боис, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Сирдарё вилоятида ҳам фуқаролар, шунингдек, давлат хизматчиларининг соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борадаги ишлар эса тизимли давом этади.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири