Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом бола – соғлом жамият пойдевори
19:47 / 2025-10-29

Бугунги кунда болаларда суяк-буғим тизими касалликларини, жумладан, яссиоёқлик ва сколиознинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, уларни барвақт аниқлаш ҳамда самарали профилактика ва реабилитация чораларини такомиллаштириш соғлиқни сақлаш соҳасининг долзарб йўналишларидан бирига айланмоқда.

Шу мақсадда Андижон давлат тиббиёт институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Болаларда яссиоёқлик ҳамда сколиоз хасталикларининг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уларни олдини олиш ва бартараф этиш йўллари: назария ва амалиёт” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда партия вакиллари, депутатлар, соҳа мутахассислари, тиббиёт олимлари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуман аввалида иштирокчилар болаларда яссиоёқлик ва сколиозни олдини олишга қаратилган замонавий тиббий анжомлар кўргазмаси билан танишди. Таъкидланишича, кейинги йилларда маҳаллий олимлар ушбу йўналишда бир қатор инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқда ва уларнинг натижалари амалиётда самара бермоқда.

[gallery-25978]

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов анжуманда сўзга чиқиб, соғлом авлодни тарбиялаш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, партия тиббий хизмат сифати ва профилактик чора-тадбирларни кучайтиришга қаратилган жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйган.

Мутахассислар маълумотларига кўра, яссиоёқлик ҳолатларининг 90 фоизи орттирилган бўлиб, фақат 10 фоизи туғма нуқсонлардир. Бу кўп ҳолларда етарли жисмоний фаолликнинг йўқлиги ва оёқ мушакларининг заифлиги билан боғлиқ. 3-6 ёшли болаларда бу ҳолат 35-58 фоизгача, 8-15 ёшлиларда эса 4-19 фоиз атрофида учрайди.

Маърузаларда ригидли яссиоёқликни консерватив усулда даволаш самарасиз экани, жарроҳлик амалиётлари – хусусан, товон суягини узайтирувчи остеотомия ёки артроэрез каби усуллар яхши натижа бераётгани қайд этилди.

Анжуман доирасида мамлакат тиббиёт олийгоҳлари олимлари илмий фикр ва тажрибалар билан ўртоқлашди. Савол-жавоб сессиялари давомида соҳадаги айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Тадбир якунида маҳорат дарслари, клиник сателлит сессиялар ва постер тақдимотлари ўтказилди. Иштирокчилар илмий ҳамкорликни кучайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қадамларни янада фаоллаштириш бўйича келишиб олди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари