Бутун дунёда 2030 йилгача БМТнинг Глобал кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ҳам 2030 йилгача Барқарор ривожланишнинг 16 миллий мақсади қабул қилинган.
Шулардан бири – саломатлик. Бу барча давлатлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам энг муҳим масала ҳисобланади. Бу борада кейинги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
ЎзА мухбири мазкур масала юзасидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори, доктор Ханс Хенри П.Клюгенинг фикрлари билан қизиқди:
– Марказий Осиё ҳавас қиладиган салоҳиятга эга минтақа ҳисобланади.Беш мамлакатда 80 миллион кишилик аҳолининг қарийб ярми 30 ёшгача. У Европа ва Осиёнинг иқтисодий блоклари ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланади. Жорий йил минтақада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 4,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2,6 фоизга жаҳон ўртача кўрсаткичидан анча юқори, Европа минтақасининг бошқа қисмларига қараганда анча баланд. 21 аср бошидан буён Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш соҳасида ижобий ўзгаришлар юз берди. Эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 5,2 йилга, аёлларники 4 йилга ошди (мос равишда 70,3 ва 76,2 ёшни ташкил этади). Ўтган икки ўн йил давомида оналар ўлими даражаси икки баробарга камайди. Соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу ривожланиши юқорига йўналтирилган траекториясини сақлаб қолиш нафақат ахлоқий бурч, балки оқилона сиёсий ва иқтисодий имкониятдир.
Соҳага киритилган сармоялар иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Соғлиқни сақлаш сектори иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган энг йирик ўн сектордан бири, иш ўринларининг муҳим манбаи ҳисобланади. Италиялик тадқиқотчи натижаларига кўра, соғлиқни сақлаш сектори томонидан иш ўринларига сарфланган ҳар бир евро иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун 1,8 евро олиб келади. Бу деярли икки баробар кўп даромад келтиради. Аҳоли бошига ЯИМ ва соғлиқни сақлаш секторида бандлик ўртасидаги боғлиқлик ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларда, масалан, Марказий Осиёда анча кучли, шунинг учун ҳар қандай сармоя янада катта даромад келтириши мумкин.
Одамлар фаровонлигига сармоя киритиш ижтимоий капитални шакллантиради. ЖССТ таҳлилига кўра, ижтимоий ҳимоя, меҳнат бозори сиёсати ва уй-жойга ЯИМнинг атиги 0,1 фоиз миқдорида сармоя киритиш 80 миллион аҳоли (Марказий Осиё аҳолиси), 300 000 кишининг ҳаётини 4 йил ичида яхшилаши мумкин. Бундан ташқари, бу соғлиқни сақлаш масалаларида тенгликни таъминлайди.
Кичик ёшдаги болалар соғлиғини ҳимоя қилиш тадбирларига устувор эътибор бериш, саккиз баробарлик иқтисодий даромад билан таълим даражасини ошириш ва иш билан таъминлаш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради. Соғлиқни сақлаш соҳасига ва фаровонликни оширишга йўналтирилган сармоя Марказий Осиё аҳолисига ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам беради ва бутун минтақада яхшироқ келажак яратишга ёрдам беради.
Ҳозир соғлиқни сақлаш соҳасидаги аниқ муаммо ва имкониятларга эътибор қаратилса, келгуси йилларда бу ўз самарасини беради. Соҳага сармоянинг ижобий таъсири ҳақида бошқаларга ўрнак бўла оладиган ишончли мисоллар келтира оламиз:
Хусусан, Ўзбекистон 2030 йилгача сил касаллигини йўқ қилиш мажбуриятини олди. Сўнгги йилларда мамлакатда силни ташхислаш, даволаш ва назорат қилиш жараёни такомиллаштирилди. Қисқа муддат, хавфсизлик ва 82 фоиз муваффақият даражаси билан ажралиб турадиган ЖССТ томонидан оғиз орқали даволаш учун ўзгартирилган янги протоколлар жорий этилиши бошланди.
Икки йил олдин Марказий Осиё мамлакатларининг соғлиқни сақлаш вазирлари соғлиқни сақлаш соҳасида 11 йўналиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди. Ушбу келишувни амалга ошириш механизми сифатида биринчи навбатда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Сиёсий раҳбарлик, техникавий устуворлик ва соғлиқни сақлаш соҳасига катта миқдорда сармоя киритишни бирлаштирган ҳолда «Йўл харитаси» Марказий Осиёдаги бешта мамлакатнинг умумий фаровонлиги учун афзалликни кучайтиришга қаратилган.
Ҳозирги вақтда «Йўл харитаси»ни амалга ошириш учун фаол иштирок этишни таъминлаш зарур. Бугунги кунда янги технологиялар ва «яшил» инновацияларга сармоя киритиш орқали минтақада ҳаёт даражасини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш, олдинга юксалиш учун имконият мавжуд.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ва Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 26-27 июнь кунлари Марказий Осиёда соғлиқни сақлашга сармоя киритиш бўйича Халқаро форум ташкил этилди. Тадбирда соҳага сармоя киритишнинг аҳамияти таъкидланди. «Йўл харитаси»ни олдинга суриш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар намойиш этилди ва сармоя киритиш устуворлиги қайта кўриб чиқилди. Асосий натижалардан бири – Марказий Осиё учун соғлиқни сақлаш соҳасида Инвестиция гуруҳини ташкил этиш бўлди. Жамоа суб-минтақвий барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш учун минтақанинг кучли томонлари ва стратегик афзалликларидан фойдаланган ҳолда кўп мамлакатли сармоялар билан шуғулланади.
Марказий Осиёда иқтисодий ривожланишни таъминлаш, ижтимоий бирдамликка эришиш, атроф-муҳитни тиклаш ва инсон капиталини мустаҳкамлаш учун соғлиқни сақлаш ҳақиқатан ҳам сармоя киритиш учун энг яхши соҳа экани ойдинлашмоқда.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА