Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлашда янги лойиҳа
14:33 / 2026-02-16

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий хизматни ташкил этиш билан ҳам узвий боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 октябрдаги “2024-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Фарғона вилоятида кўп тармоқли шифохона ташкил этиш бўйича тендер эълон қилинди.

Лойиҳага кўра,  ғолиб Фарғона вилоятида уч йил ичида ишга тушириладиган 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартларга мувофиқ лойиҳалаштириши, қуриши, молиялаштириши, зарур асбоб-ускуналар билан ва  техник жиҳатдан жиҳозлаши шарт эди.  

Тендерда ўнта компания иштирок этди. Улардан саккизтаси малакавий танловдан ўтказилди ва техник ҳамда молиявий таклифлар бердилар. Булар: Meridiam Consortium (Франция) ва Ronesans (Туркия); Plenar Consortium (БАА), YDA Group (Туркия) ва Falganim Holding (Кувайт); ва KOC Consortium (Ўзбекистон) ва Vision Investment (Саудия Арабистони).

Компаниялар учун тендер шартлари қатъий бўлиб, тажриба, ходимларни ўқитиш талаблари, компаниянинг молиявий кўрсаткичлари ва бошқаларни ўз ичига олар эди.  

Ниҳоят ғолиб эълон қилинди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ўз телеграмм каналида. У барча техник талабларга жавоб берадиган ва энг паст молиявий таклифни тақдим этган компания – VISION INTERNATIONAL INVESTMENT COMPANY (Саудия Арабистони) консорциуми - KOC CONSTRUCTION MEKANIK ELEKTRIK MCHJ FE (Ўзбекистон) деб кўрсатилган.

Хўш, лойиҳа амалга ошса, у аҳолига нима беради?

Биринчидан, у минтақа ва унга туташ вилоятлар аҳолисининг кардиожарроҳлик, нейрохирургия ва орган трансплантациясини ўз ичига олган замонавий юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлайади.

Иккинчидан, мавжуд ихтисослаштирилган муассасаларни битта бинода бирлаштириш ва уларни илғор диагностика ҳамда даволаш инфратузилмаси билан жиҳозлаш, ресурслардан фойдаланишда эса самарадорликни оширади, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди ва беморларнинг минтақа ёки мамлакатдан ташқарига чиқиш заруратини камайтиради.

Учинчидан, лойиҳа давлат ва хусусий секторнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлигининг синов лойиҳаси бўлиб, Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида замонавий тиббиёт мажмуаларини қуриш ва кенгайтириш моделини яратади.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА