Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мурожаатларнинг 62,5 фоизи ижобий ҳал этилган
09:41 / 2025-12-19

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан республика ижро этувчи ҳокимият органларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг кўриб чиқилиши ҳамда раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бажарилиши юзасидан қўмита эшитуви ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг мазкур йўналишдаги ахборотлари тингланди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларига 82 минг 929 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 62,5 фоизи ижобий ҳал этилган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига эса 103 минг 748 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 59 фоизи қаноатлантирилган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига келган 69 минг 600 та мурожаатнинг 63 фоизи ижобий ечим топган.

Муҳокамалар давомида депутатлар айрим ҳолларда мурожаатларга аниқ ечим бериш ўрнига фақат ҳуқуқий тушунтиришлар билан чекланилаётганини танқид остига олди. Бу эса такрорий мурожаатлар сони ортишига, аҳоли муаммолари ҳал этилмай қолишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб депутатлар мурожаатларни кўриб чиқиш сифатини ошириш, масъул ходимларнинг малакаси ва жавобгарлигини кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.

Шунингдек, йиғилишда ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими — KPI ижроси ҳам кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА