Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратига коррупцияга қарши бошқарув тизими халқаро стандарти (ISO 37001:2016) мувофиқлик сертификати топширилди. Шунингдек, Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб бу стандартнинг янгиланган версияси — ISO 37001:2025 ҳам қўлга киритилди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, “Ҳуқуқий эксперимент” доирасида вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси томонидан жорий йилда тизимда коррупцияга қарши курашишга оид ички идоравий механизмлар кучайтирилиб, вазирликнинг 5 та соҳавий буйруғи ва 14 та ички ҳужжати қабул қилинди. Илк маротаба 14 та ҳудудий бошқарма ва 63 та тизим ташкилотида коррупцияга қарши ички назорат бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилиб, тўғридан тўғри вазирга бўйсунуви ҳамда ҳисобдорлиги белгиланди. Вазир ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг ходимлар ҳамда жамоатчилик учун коррупцияга қарши курашишга оид мурожаатномаси эълон қилинди.

Тошкент давлат тиббиёт университети ва бошқа таълим муассасаларида талаба ҳамда тиббиёт ходимлари учун “Тиббиётда коррупциянинг олдини олиш” номли махсус фан ташкил этилди. Унинг доирасида ўтган даврда 2 700 нафар бакалавр, 870 нафар магистр ҳамда 1856 нафар олий маълумотли шифокор, 13 804 нафар ўрта тиббиёт ходими ўқитилди. Тизим тиббиёт муассасаларида 52 минг нафардан ортиқ ходимни қамраб олган семинар-тренинглар ташкил этилди. Вазирлик тизимида иқтисодий йўналишда аниқланган манфаатлар тўқнашуви (непотизм) ҳолатлари таҳлил қилиниб, жами 567 та ҳолатда 206 нафар ходим ишдан бўшатилди ва 364 нафари ротация қилинди. Бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши ҳамда коррупция таҳдидларини барвақт аниқлаш ва унинг олдини олиш мақсадида янги превентив тизим – “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 9,7 млрд. сўмлик маблағлар ортиқча режалаштирилишининг олди олинди ва 247 млрд. сўмлик маблағ мақбуллаштирилди. Давлат харидларида тиббий жиҳозларнинг кафолат мажбуриятини кузатиб бориш йўлга қўйилиб, иш ва хизмат нархлари тасдиқланди.
Коррупция ҳақида тезкор хабар берувчи “1203” қисқа рақамли “Call-марказ” 24/7 режимида ишга туширилди. Жорий йилнинг 11 ойи давомида 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Тиббий хизмат сифати ва аҳоли билан мулоқотни баҳолаш учун “сирли мижоз” институти жорий этилди. Ноябрь-декабрь вазирлик ва унинг тизим ташкилотларида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилиниб, бунинг доирасида 700 дан ортиқ ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ҳудудларда 235 та “Очиқ эшиклар куни” тадбири уюштирилиб, 20 минг нафардан ортиқ жамоатчилик вакиллари иштирокида 335 та “Очиқ мулоқот” шаклидаги муҳокамалар, давра суҳбатлари ташкил этилди.
Тадбирда ушбу халқаро сертификат халқ олдидаги масъулиятни янада оширишга хизмат қилиши, қолаверса, коррупцияга қарши муросасиз курашиш ҳар бир ходим зиммасидаги бурч эканлиги алоҳида таъкидланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА