Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида “ҳуқуқий эксперимент” доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 4 ноябрида соғлиқни сақлаш вазирининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида “сирли мижоз” институтини жорий этиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилингани, шунингдек, “сирли мижоз” томонидан мониторинг ўтказишнинг аниқ мақсадлари, параметрлари, объектлари ва мезонларини қамраб олган Низом тасдиқлангани бунга бир мисол.
Вазирлик матбуот хизмати “сирли мижоз” усулидаги мониторингнинг ўзига хос жиҳатлари, амалга оширилиш тартиби ва кутилаётган натижалари нималардан иборатлиги ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, бу турдаги мониторинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари (заруратга қараб унинг органлари, ташкилотлари ва муассасалари) томонидан ташкил этилади.
Тадбир жараёнида ҳуқуқбузарликларни ҳамда ваколатни суиистеъмол қилишга ундовчи усулларни қўллаш тақиқланади.
Ушбу тадбир маъмурий тартиб-қоидалар амалга оширилиши, соғлиқни сақлаш тузилмалари ва уларнинг ходимлари томонидан тиббий хизматларни кўрсатишда қонунчилик талабига риоя қилиниши, ходимлар маҳорати ва тезкорлиги ҳамда уларнинг аҳоли билан муомала қилиш этикети даражасини баҳолаш имконини беради.
Маълумотларни йиғиш учун ҳақиқий мижоз кўринишидаги “сирли мижоз”дан фойдаланилади.
“Сирли мижоз” ўрганишлари нафақат муассасага борган ҳолда, балки телефон қўнғироғи, электрон почта мурожаати ва бошқа усуллар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Ўрганиш натижалари тегишлича расмийлаштирилади ва аниқланган қонунбузилишлар бўйича далолатнома у тақдим этилган кундан бошлаб беш иш кун давомида Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Агар ҳуқуқбузарлик ҳолати мавжуд бўлса, айбдор ходимнинг жавобгарлик масаласи кўрилади, борди-ю жиноят аломатлари аниқланса, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Тиббиёт муассасаларида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келинганда вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг республика бўйича ягона бўлган 1203 рақамли “Ишонч телефони” ёки t.me/ssvantikor_bot телеграм боти орқали мурожаат қилиш мумкин. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА