Қонунчилик палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёровнинг “Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича қабул қилинган ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазир қайд этиб ўтганидек, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий профилактика, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамни ривожлантириш, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам, давлат тиббий суғуртаси, рақамлаштириш ва кадрлар сиёсати йўналишларида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, 15 та туман ва шаҳарда соғлиқни сақлаш тизимининг халқаро тажрибага асосланган янги модели жорий этилди.
Давлат бюджети ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланиб, орфан касалликларда дори воситалари билан таъминлаш тартиби ишлаб чиқилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида аҳолини профилактик кўриклардан ўтказиш кенгайтирилиб, 18–40 ёшли 12 миллиондан зиёд фуқаро профилактикадан, 40 ёшдан катта 7 миллион нафар аҳоли юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабет, 800 мингдан ортиғи сил касаллиги бўйича скринингдан ўтказилди.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида 70 мингдан ортиқ беморлар кўрикдан ўтказилиб, 17 мингдан зиёд жарроҳлик амалиётлари бажарилган. Тиббиёт муассасалари амалиётига 242 турдаги янги диагностика ва даволаш усуллари жорий этилиб, марказ филиаллари амалиётига 7 та янги диагностика ва 10 та даволаш усули татбиқ этилди.
Шу йил тез тиббий ёрдам хизмати томонидан 7 миллиондан зиёд чақириқлар ижроси таъминланган. 1 000 та замонавий автомашина ҳисобига тез тиббий ёрдам автопарки янгиланган. Тез тиббий ёрдамдаги бригадалар сони 1 минг 648 тадан 2 минг 865 тага етказилгани, дори-дармон учун ажратилган маблағлар 16 каррага ошгани натижасида чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқарган.
Шунингдек, ногиронликни белгилашнинг янги тизими жорий этилиб, унга мувофиқ ногиронлик белгилаш учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясига фақат оилавий шифокорлар томонидан йўллаш тизимидан фойдаланилмоқда.
— Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, 8,4 миллион туғиш ёшидаги аёллар 13,7 миллион 18 ёшгача бўлган бола профилактик кўрикдан ўтказилди. 840 минг бола онкогемотологик касалликлар бўйича текширувдан ўтказилди.
Биринчи марта 150 миллион доллар миқдоридаги маблағ ҳисобидан 230 та туғуруқ комплекси тўлиқ керакли асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бу жуда катта натижа. Оналар ўлими 1,5 баробарга, гўдаклар ўлими ҳам 1,5 баробарга камайди. Аммо айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда, — деди вазир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА