Президентимизнинг тегишли қарори билан Фаррух Раҳимович Шарипов, Фарҳоджон Муҳаммаджонович Тошпўлатов ҳамда Олим Муродуллаевич Омонов Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ф.Шарипов 1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1993 йил Самарқанд давлат тиббиёт институти, 2010 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
2002-2009 йилларда Тошкент туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, 2009-2012 йилларда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.
2012-2014 йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи бўлган. 2015-2016 йилларда Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Ф.Шарипов 2021 йилдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Ф.Тошпўлатов 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2004 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, 2005 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги ихтисослаштирилган Олий бизнес мактабини тамомлаган.
2006-2007 йилларда “Парвина суғурта” суғурта компанияси Тошкент шаҳри дирекцияси директори, 2007-2010 йилларда “Ўзбекинвест Ҳаёт” суғурта компанияси менежери, бош менежери лавозимларида меҳнат қилган.
2011-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида бир қанча масъул вазифаларда ишлаган.
Ф.Тошпўлатов 2021 йилдан “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
О.Омонов 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 2001 йилда Тошкент электротехника алоқа институти, 2006 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети магистратура босқичи, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
2005-2011 йилларда “Ўзбектелеком” АК “UzNet” филиали бўлим бошлиғи, 2011-2018 йилларда Вазирлар Маҳкамасида бир қанча масъул лавозимларда меҳнат қилган.
2018-2021 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси директори вазифасида ишлаган.
О.Омонов 2023 йилдан “Чорвоқ” туристик рекреацион зона дирекцияси" ДУК директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
ЎзА