Республика Соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов ва бошқа мутасаддилар Бухоро вилояти Бухоро тумани Тиббиёт бирлашмасининг янги биносида яратилган шароитлар, моддий-техник имкониятлари билан танишди.
“Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган туман Тиббиёт бирлашмасининг янги ва замонавий биноси қурилишига 4 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Қарийб 2 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда туғуруқ комплекси, терапия, жарроҳлик бўлими, болалар шифохонаси билан бирга, юқумли касалликлар бўлими ҳамда тез тиббий ёрдам станцияси –“103” хизмати жойлашган.

Тез тиббий ёрдам шохобчаси—“103” хизмати бир пайтда 3 та, бир кеча-кундузда эса 12 та мобиль ҳаракатдаги тиббиёт бригадаси чақирувларга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади. Бунинг учун махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, қолаверса, тор доирадаги мутахассислардан иборат экипажига эга 1 та реанимобиль жорий қилинган. Тез тиббий ёрдамда ўндан ортиқ олий маълумотли шифокор, йигирмага яқин фельдшер ва ҳамшира фаолият олиб боради.

Янги бинода шифокорлар ва беморлар учун барча қулайликлар яратилган. Қолаверса, талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда бирлашмани замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш орқали кардиология, неврология ва эндокринология йўналишларида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш имконияти яратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, яратилаётган шарт-шароит беморларга ўз вақтида малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.
Албатта, ўрганиш давомида бунда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга доир қатор чора-тадбир белгиланди. Масъуллар, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига зарур тавсия ва топшириқлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА