Кармана туманидаги “Ишонч” болаларни соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилояти кенгаши ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида тиббиёт ходимлари ўртасида “Соғлиқни сақлаш вазири кубоги – 2023” спорт мусобақаларининг вилоят босқичи ўтказилди.
Юртимизда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрда қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилган мусобақада 300 нафарга яқин тиббиёт ходими спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси ва мини футбол турларида ўзаро баҳслашди.
– Мусобақалар тиббиёт ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилганлиги билан аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилояти кенгаши раиси Феруза Раҳимова. – Спортнинг 4 тури бўйича ўтказилган мусобақада туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар ўзаро куч синашди.
– Мусобақада спорт теннисида рақибаларим билан куч синашиб, ғолибликни қўлга киритдим, – дейди Хатирчи тумани кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамшираси Мафтуна Ботирова. – Юртимизда оммавий спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жамоамиз билан ўтказилиб туриладиган спорт мусобақаларида мунтазам қатнашамиз. Бугунги мусобақада иштирок этишимиз учун раҳбариятимиз томонидан барча шароит яратиб берилди. Билдирилган ишончни оқлаганимдан хурсандман.
Барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
[gallery-13801]
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА