Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида соғлиқни сақлаш ва реабилитация соҳасига ихтисослашган замонавий таълим маскани — University of Health and Rehabilitation Sciences (UHRS) фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида делегация аъзолари университетда яратилган илғор таълим муҳити, илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда амалий машғулотлар учун мўлжалланган инфратузилмани атрофлича ўрганди. UHRSда таълим, фан ва инновация уйғунлиги асосида шаклланган замонавий ёндашувлар алоҳида эътиборга лойиқ.

UHRS — соғлиқни сақлаш ва реабилитация йўналишида таълим ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган янги авлод тадқиқот университети ҳисобланади. Университетни ташкил этиш ташаббуси 2015 йилда Хитой Ногиронлар федерацияси томонидан илгари сурилган бўлиб, 2024 йил май ойидан расман ўз фаолиятини бошлаган.

Учрашувлар давомида Агентлик делегацияси университетда кадрлар тайёрлаш тизими, реабилитация соҳасидаги устувор таълим дастурлари, шунингдек, фан, таълим ва саноат интеграциясига асосланган самарали механизмлар билан яқиндан танишди.

Ташриф якунида Агентлик ва UHRS ўртасида мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, реабилитация терапияси, тиббиёт, биотиббиёт муҳандислиги, шунингдек, ижтимоий ва таълимий реабилитация йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик келгусида соҳа учун замонавий билим ва илғор тажрибаларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА