Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида” қарорига мувофиқ, энди соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмалари ошириб борилади.
Мазкур қарорга кўра:
2026 йил 1 мартга қадар Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида;
2026 йил 1 сентябрга қадар босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда:
а) тиббиёт бригадалари оилавий шифокор ҳамда ҳамшираларини – 30 ёшдан ошган аҳолини ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни эрта босқичларда аниқлаш юзасидан мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда FAST алгоритми бўйича;
б) тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини - ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни ташхислаш (инфарктда ЭКГ-телеметрия, инсультда FAST алгоритми ва бошқалар), беморларда тромб эритувчи муолажаларни ўтказиш ҳамда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича;
в) туман (шаҳар) марказий шифохоналари, туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказлари мутахассисларини - ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларга чалинган беморларни ташхислаш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, даволаш ҳамда эрта реабилитация қилиш бўйича;
г) вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларининг мутахассисларини - ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни ташхислаш, шошилинч ҳолатларда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, даволаш ҳамда эрта реабилитация қилиш бўйича қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш курсларида ўқитилиши таъминланади.
ЎзА