Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча жабҳаларида ижобий ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилиб, халқимизнинг фаровон яшашини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак, деган эзгу тамойил ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тўла татбиқ этилиб, кўп соҳаларда, жумладан, тиббиёт тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга кенг йўл очилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу йўлда мисли кўрилмаган ишлар қилинди.
- Соҳани модернизация қилиш учун молиялаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, - дейди Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров. - 2017 йилга нисбатан 2022 йилда Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга ажратилган маблағ 3,5 баробарга, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун ажратилган маблағлар эса 6,3 баробарга ортди.
Бу маблағлар тиббий муассасалар инфратузилмасини яхшилаш, беморларга қулай шароит яратиш, соҳа ходимлари моддий аҳволини яхшилаш ишларига йўналтирилди.
2022 йил 1 июндан бошлаб олий ва биринчи малака тоифаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ойлик лавозим маошларига 15 фоиз, иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун 10 фоиз, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларининг ойлик маошлари 15 фоизга оширилди.
Жумладан, олий тоифали тиббий бригада ҳамширасининг ўртача ойлик иш ҳақи 2,5 миллион сўмни, белгиланган устамалар билан бирга 5 миллион сўмни, олий тоифали операция ҳамширасининг ўртача ойлик иш ҳақи эса 3 миллион сўмни, устамалар билан бирга 6,7 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, олийгоҳни янги битирган салоҳиятли оилавий шифокорнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 миллион сўмни, устамалар билан бирга 5,4 миллион сўмни, илмий даражаси мавжуд бўлганда 6,2 миллион сўмни, янги иш бошлаганлиги учун қўшимчаси билан эса 7,2 миллион сўмни ташкил этмоқда. Агар ушбу даражадаги шифокор олис ва чекка ҳудудларга бориб ишласа, унинг маоши 9,2 миллион сўмни ташкил этади.
Олий тоифали жарроҳнинг ўртача ойлик иш ҳақи 4,7 миллион сўмни, юқори технологияли операцияларни амалга оширганда 5,9 миллион сўмни, устамалар билан бирга 9,4 миллион сўмни, илмий даражаси мавжуд бўлса 12,3 миллион сўмни, оилавий шифокорлик пунктида ишловчи олий тоифали шифокорнинг ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 миллион сўмни, устамалар билан бирга 9,8 миллион сўмни, илмий даражаси мавжуд бўлса 12,7 миллион сўмни, агар ушбу даражадаги шифокор олис ва чекка ҳудудларга бориб ишласа – 14,7 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Алоҳида эътибор тиббиёт соҳасининг моддий -техник базасини мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда режадаги 1 минг 954 муассасадан 45 фоизига қуёш панеллари ва режадаги 818 муассасадан 43 фоизига қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилди.
Шунингдек, туманлараро 46 перинатал марказни тиббий асбоб - ускуналар билан жиҳозлаш бўйича шартномалар имзоланди. Бугунги кунда умумий қиймати 2,12 миллион долларга тенг тиббий асбоб -ускуна етказиб берилди.
Санэпидқўмитанинг 30 нафардан ортиқ мутахассиси Туркия, Франция, Финляндия, Россия, АҚШ, Сингапур, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларнинг халқаро аккредитациядан ўтган лаборатория комплексларида касбий тайёргарликдан ўтказилиб, тизимдаги 14 лаборатория мажмуаси “ILAC MRA” халқаро аккредитациясидан ўтказилди.
Шу билан бирга, ижтимоий имтиёзга эга бўлмаган 3,5 минг нафар беморда юқори технологик операция ўтказиш бошланди. Бунинг учун қўшимча равишда 90 миллиард сўм ажратилди.
Шундан болаларда туғма юрак нуқсони операциялари беш вилоят (Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон ва Урганч)да ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган учта муассаса (ТошПМИ клиникаси, Болалар Миллий тиббиёт маркази ҳамда Хирургия маркази)да бошланди.
Режадаги операцияларнинг 780 таси ҳудуднинг ўзида, 1 минг 220 таси Тошкентда амалга оширилади. Бугунги кунгача 980 нафар бола шифохонага ётқизилиб, улардан 838 нафарида операция муваффақиятли ўтказилди.
Шу билан бирга, моддий имконияти чекланган, бепул даволаниш учун имтиёзга эга бўлмаган 1,5 минг нафар бемор ўзлари яшаб турган ҳудуддаги муассасаларда операция қилинмоқда. Уларнинг 620 нафарида чаноқ-сон ва тизза бўғимини эндопротезлаш, 170 нафарида юрак тож артерияларини стентлаш, 90 нафарида лапароскопик, 33 нафарида бош мия операциялари, 41 нафарида буйрак тошларини майдалаш, 370 нафарида ҳар хил турдаги бошқа жарроҳлик операциялари ўтказилади.
Бундан ташқари, яна 1,5 минг нафарга яқин бемор шифохонага ётқизилиб, улардан 1 минг 225 нафарида ҳар хил турдаги юқори технологик операция ўтказилди. Жумладан, беморларнинг 328 нафарида чаноқ - сон ва тизза бўғими эндопротезлаш, 187 нафарида юрак тож артерияларини стентлаш, 318 нафарида лапороскопик, 9 нафарида бош мия операцияси, 35 нафарида буйрак тошларини майдалаш, 338 нафарида ҳар хил турдаги бошқа жарроҳлик операциялари ҳудуднинг ўзида ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришга қаратилаётган эътибор халқимиз фаровонлиги ва миллатимиз саломатлик даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳа вакилларининг ойлик иш ҳақи ошгани тизимда кўрсатилаётган хизматлар даражасини оширишнинг муҳим омили бўлди. Шу билан бирга, бу ёшларда соҳага бўлган қизиқишни оширмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА