Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва малакали кадрлаш тайёрлаш мамлакат ривожида катта аҳамият касб этади. Шу мақсадда, Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида профессионал раҳбарларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз касбий таълим трансформацияси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Мазкур анжуманда нафақат Ўзбекистон мутахассислари, балки Россия, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди. Бу эса анжуманнинг аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Вестминстер халқаро университети ҳамда Германия ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув салоҳиятини ошириш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини модернизация қилиш, шунингдек узлуксиз касбий таълимни халқаро тажрибага мослаштиришдан иборат бўлди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни ҳақида алоҳида тўхталди. У ўз нутқида ушбу анжуман соғлиқни сақлаш тизимининг янги босқичга ўтишида илмий ёндашув, бошқарув маданияти ва рақамли технологияларни жорий этиш каби йўналишларда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Ялпи мажлисдан сўнг анжуман ўз ишини 5 та секция бўйича давом эттирди. Долзарб мавзулардаги маърузалар тингланиб, амалий кўникмалар намойиш этилди.
Анжуманда илгари сурилган илмий ғоялар, амалий тавсиялар ва халқаро тажрибалар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб олишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА