Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш тизими: маблағ бор, аммо режадаги ишлар чала
10:30 / 2022-10-15

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳар бир вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган мақсадли индикаторлар тасдиқланган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «2022 йил учун бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикатор ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан эшитилди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, болаларни вакцинация қилиш дастури бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига 169,6 миллиард сўм маблағ ажратилган ва ушбу маблағлар қарийб 100 фоиз сарфланган. Шунингдек, болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш дастури бўйича 2022 йилга 58,1 миллиард сўм тасдиқланган. Шундан биринчи ярим йилликка 57,9 миллиард сўм ажратилган бўлиб, белгиланган режа кўрсатгичлари 98 фоизга бажарилган.

— Бугунги кунда аҳоли ўртасида нефрология соҳаси ва гемодиализга бўлган эҳтиёж, афсуски, ортиб бормоқда, — дейди депутат Зумрад Бекатова. — Нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш дастурига давлат бюджетидан 101,6 миллиард сўм ҳамда одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликлар тарқалишига қарши курашиш дастури бўйича 95,4 миллиард сўм тасдиқланган. Аммо ушбу маблағлар ишлатилмаган. Бу эса қўмитамиз аъзоларининг эътирозига сабаб бўлди.

Ахборотда келтирилганидек, эндокринологик касалликларга чалинган беморларни дори воситалари билан таъминлаш дастури бўйича 28,4 миллиард сўм тасдиқланган бўлиб, ҳисобот даврида 9,5 миллиард сўм режалаштирилган бўлса-да, 6 ой давомида атиги 2,1 миллиард сўм сарфланган. Режа бор-йўғи 22 фоизга бажарилган. Бу масала ҳам депутатлар томонидан танқид остига олинди.

Тадбирда «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш дастури доирасидаги ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилмаганлиги танқид қилинди. Жумладан, тасдиқланган 50 миллиард сўм маблағнинг 25 миллиард сўмини 1-ярим йиллик давомида сарфлаш режалаштирилган бўлса-да, атиги 7,5 миллиард сўм ишлатилгани халқ вакилларининг эътирозларга сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, давлат бюджетидан етарлича маблағ ажратилган бўлса-да, ярим йиллик якунлари бўйича аксарият дастурлар доирасидаги ишлар орқада қолган. Бу эса соҳада натижадорликнинг пасайишига олиб келади.

Халқ вакиллари тақдим этилган маълумотларда чалкашликлар мавжудлиги, айрим ҳолларда эски кўрсаткичлар акс этганлигини танқид қилиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро қилиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсияларни бердилар.

 

М.Комилова, ЎзА